Главная / Иқтисодиёт / Катта Фарғона каналида кичик ГЭСлар каскади ишга тушди

Катта Фарғона каналида кичик ГЭСлар каскади ишга тушди

Катта Фарғона каналидакичик ГЭСлар каскадининг ишга туширилиши муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда «Ўзгидроэнерго» акциядорлик жамияти ва тегишли вазирликлар, гидроэнергетика тизимидаги нуфузли қурилиш корхона ва ташкилотлари, вилоят ва туман раҳбарияти, давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, фахрийлар ҳамда ёшлар вакиллари, шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь хоним, «Dong Fan Elektric» компанияси вице-президенти Сюй Цзюнь иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.


Маросимда Ўзбекистонда кейинги икки йилда барча соҳаларда ислоҳотлар янги босқичга кўтарилгани, очиқ иқтисодий сиёсат самараси ўлароқ Ўзбекистон иқтисодиёти жаҳонга дадил юз тутаётгани ва жаҳон иқтисодиёти юртимизга жадал кириб келаётгани ва бунинг самаралари ҳақида сўз юритилди.

— Бутун дунёда ёнилғи-энергетика ресурслари катта муаммога айланиб бораётган бугунги кунда мазкур иншоотнинг барпо этилишини катта ижтимоий, иқтисодий, жоиз бўлса, сиёсий аҳамиятга эга воқеа деб баҳоласак, муболаға бўлмайди, — деди Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. — Бундан роппа-роса саксон йил муқаддам қуриб битказилган Катта Фарғона каналидан қарийб бир аср мобайнида қанча сув оқиб ўтганини тасаввур қилиш қийин. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дейилганидек, биз бу каналдан фақат суғориш ва ичимлик суви манбаи сифатидагина фойдаланиб келдик. Президентимиз ташаббуси билан бу борадаги турғунликдан чиқиш вақти келди ва биз мазкур ГЭС мисолида бунга ишонч ҳосил қилиб турибмиз. Учқўрғон ҳудудидан катта-кичик 8 та дарё ва каналлар ўтган, уларда ўнлаб шундай лойиҳаларни амалга оширамиз ва беминнат ёқилғи, ёнилғи талаб қилмайдиган энергетика манбалари ҳисобига вилоятимизни янада обод ва фаровон қиламиз.

Шунингдек, «Ўзгидроэнерго» акциядорлик жамияти аппарати раҳбари С.Ҳамроев, «Dong Fan Elektric» компанияси вице-президенти Сюй Цзюнь йиғилганларга кичик ГЭСлар каскадининг қурилиши ва бугунги кундаги аҳамияти ҳамда айни пайтда мамлакатда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва режалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Президентнинг 2017 йил 2 майдаги «2017−2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида барпо этилган Катта Фарғона канали кичик ГЭСлар каскадининг умумий қуввати 12 МВтга тенг бўлиб, йилига 72,89 миллион кВт.соат электр токи ишлаб чиқаради. Бу эса Учқўрғон туманидаги 48 минг хонадонни узлуксиз экологик тоза ва қайта тикланувчи электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Лойиҳанинг умумий қиймати 31 миллион доллар бўлиб, шундан 22,3 миллион доллари «Ўзгидроэнерго», қолган қисми эса Хитой Халқ Республикасининг «Эксимбанк”и томонидан молиялаштирилди. Ҳар бири 6 МВт қувватга эга иккита кичик ГЭСдан иборат каскад Катта Фарғона каналининг ПК 142 то ПК 184 ҳудудида барпо этилди. Каскадга сув борувчи каналнинг икки қирғоғида 3 минг тупдан зиёд мевали ва манзалари дарахт экилиб, ободонлаштирилди.

Расмий очилиш маросимидан сўнг рамзий тугма босилиб, кичик ГЭСлар каскади ишга туширилди ва энг илғор технологик ускуналар ёрдамида гидроэнергетик иншоот дастлабки киловаттларни ишлаб чиқара бошлади.

Рекламный блок-3

Ҳаққимизда

Яна маълумот

Wq7ck015865495187772_b

Иқтисодиётдаги йўқотишлар қисман қишлоқ хўжалиги ҳисобига қопланади

Президент иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги йўқотишлар ўрнини қисман тўлдириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун резервларни аграр соҳага сафарбар қилишга топшириқ берди.