Главная / Жамият / ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ШАҲАРСОЗЛИК КОДЕКСИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ШАҲАРСОЗЛИК КОДЕКСИ

1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Кодекснинг мақсади
Ушбу Кодекснинг мақсади шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Кодексда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аҳоли пункти — ҳуқуқий мақом, ном ва чегара билан белгиланган Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирлиги (шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овул);
аҳоли пунктининг бош режаси — аҳоли пунктини ҳудудий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини ҳамда фуқароларнинг қулай ҳаёт фаолияти муҳитини комплекс шакллантириш шарт-шароитларини белгилайдиган шаҳарсозлик ҳужжати;
аҳоли пунктлариаро ҳудудлар — икки ва ундан ортиқ аҳоли пункти оралиғидаги аҳоли пунктлари чегараларидан ташқаридаги ҳудудлар;
аҳоли пунктининг чегара чизиғи — аҳоли пункти ерларининг уларни ер фондининг бошқа тоифаларидан ажратиб турадиган, шаҳарсозлик ҳужжатларида белгиланган ташқи чегараси;
аҳолини жойлаштириш тизими — мавжуд аҳоли пунктларини ривожлантириш ҳамда янги аҳоли пунктларини барпо этиш йўли билан аҳолини тегишли ҳудудга тартибга солиб бориладиган тарзда жойлаштиришнинг шаҳарсозлик ҳужжатлари билан белгиланадиган асосий йўналишлари;
бино — функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизими;
буюртмачи — объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва бузишнинг амалга оширилишини таъминловчи, шунингдек шу мақсадларда лойиҳа-қидирув, экспертлик, қурилиш-монтаж ва назорат ишларини бажариш учун тегишли ташкилотлар билан шартномалар тузувчи жисмоний ёки юридик шахс;
зоналаштириш — ҳудудни ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш чоғида шаҳарсозликнинг фойдаланиш турларини ҳамда бу турлардан фойдаланишга доир чекловларни белгилаган ҳолда, ҳудуднинг функционал мақсадга кўра бўлиниши;
иншоот — ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажариш, моддий қимматликларни жойлаштириш ва сақлаш, одамларнинг вақтинча бўлиши (ҳаракатланиши), шунингдек ускуналар ёки коммуникацияларни жойлаштириш (ўтказиш, улаш) учун мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат ҳажмий, ясси ёки чизиқ тарзидаги қурилиш тизими;
ишлаб чиқариш объектлари — одамлар ва технологик асбоб-ускуналар ишлаши учун зарур шарт-шароитлар таъминланадиган ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун мўлжалланган бинолар ҳамда иншоотлар;
қизил чизиқлар — шаҳарсозлик ҳужжатларида белгиланадиган, мавзеларнинг, кичик даҳаларнинг ва режалаштириш тузилмаси бошқа элементларининг ҳудудларини аҳоли пунктларининг кўчаларидан, тор кўчаларидан ва майдонларидан ажратиб турувчи чегаралар;
ноёб ва алоҳида муҳим объектлар — алоҳида ёки биргаликда ўзига хос, бетакрор ҳажмий-режавий, конструктив, муҳандислик ёки технологик ечимлари ҳамда архитектура ғояси билан, юқори техник даражадаги ютуқлар ва меъморчиликни ўзида мужассам этган бинолар, иншоотлар ва уларнинг мажмуалари;
реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) — ташқи рекламани жойлаштириш (тарқатиш) учун махсус ишлаб чиқилган ва қўлланиладиган воситалар, шунингдек аҳолига ахборот етказиш вазифаларини бажарувчи техник воситалар (конструкциялар);
турар жой объектлари — одамлар яшаши учун мўлжалланган бинолар, доимий яшаш учун уй-жойлар (хонадонлар), шунингдек вақтинча яшаш учун ётоқхоналар, меҳмонхоналар, мактаб-интернатлар, қариялар уйлари;
урбанизация — аҳолининг ижтимоий-касбий ва демографик тузилишида ижобий ўзгаришларга, унинг турмуш тарзи ҳамда маданияти сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилишига кўмаклашувчи, жамият ва иқтисодиётни ривожлантиришда шаҳарларнинг ролини ошириш, шунингдек шаҳар инфратузилмасини шакллантириш жараёни. Урбанизация, қоида тариқасида, шаҳар атрофини шаҳар ҳудудига киритиш, бир нечта аҳоли пунктларини ягона маконга бирлаштириш билан бирга олиб борилади;
фуқаровий объектлар — маданият, жисмоний тарбия, спорт, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ва ташкилотларини, банк-молия муассасаларини, қурилиш-коммунал ташкилотларини, алоқа ҳамда транспорт корхоналарини жойлаштириш учун мўлжалланган бинолар ва иншоотлар;
шаҳарсозлик — аҳоли пунктларини, аҳоли пунктлариаро ҳудудларни режалаштириш ҳамда қуришнинг ижтимоий-иқтисодий, қурилиш-техника, архитектура-бадиий ечимлари йиғиндисини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини ҳисобга олган ҳолда таъминловчи назарияси ҳамда амалиёти;
шаҳарсозлик регламенти — ҳудудларни ва аҳоли пунктларини қуришнинг белгиланган қоидалари, шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш чоғида аҳоли пунктларининг ҳамда аҳоли пунктлариаро ҳудудларнинг ер участкаларидан ва бошқа кўчмас мулк объектларидан фойдаланиш кўрсаткичлари ҳамда турларининг йиғиндиси;
шаҳарсозлик фаолияти — давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳудудларни ва аҳоли пунктларини ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш, ер участкаларидан фойдаланиш турларини белгилаш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш, биноларни, иншоотларни ҳамда уларнинг мажмуаларини шахс, жамият ва давлат манфаатларини, шунингдек мазкур ҳудудлар ҳамда аҳоли пунктларининг миллий, тарихий-маданий, экологик, табиий ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш соҳасидаги фаолияти;
шаҳарсозлик ҳужжатлари — ҳудудларни ва аҳоли пунктларини ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш тўғрисидаги ҳамда уларни қуриш ҳақидаги тасдиқланган ҳужжатлар;
якка тартибдаги уй-жой — якка тартибда уй-жой қуриш ва томорқа хўжалигини юритиш учун мўлжалланган бир ер участкасида жойлашган бир ёки бир нечта турар-жой бинолари ва уларга тааллуқли бўлган томорқа-хўжалик иморатлари ва ҳовли иншоотлари.
4-модда. Шаҳарсозлик фаолиятининг асосий принциплари
Шаҳарсозлик фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
шаҳарсозлик соҳасида фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ва унинг қисмларини барқарор ривожлантириш;
ҳаётий фаолият учун қулай муҳит яратиш, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш, атроф-муҳитга, табиий ресурсларга ва маданий меросга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш;
бинолар ва иншоотлар конструкцияларининг хавфсизлиги ва ишончлилиги, уларнинг сейсмик чидамлилиги, ёнғин хавфсизлиги ва энергия самарадорлигига қўйиладиган талабларга риоя қилган ҳолда тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш;
шаҳарсозлик фаолияти ва қурилиш ишлаб чиқаришида энг яхши амалиётларни жорий этиш, қурилиш сифатини ошириш;
ҳудудларни ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш жараёнида жамоатчиликнинг самарали иштирокини таъминлаш.
5-модда. Шаҳарсозлик соҳасида рақобат муҳитини яратиш
Шаҳарсозлик фаолияти субъектлари ўртасидаги рақобат муҳити:
ишлар (товарлар, хизматлар) бозорида монопол фаолиятни, шу жумладан рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган фаолиятни чеклаш;
шаҳарсозлик фаолияти субъектлари тўғрисидаги маълумотларнинг қулай электрон базаларини яратиш ва яратилган асосда уларнинг фаолиятини баҳолаш рейтингларини жорий этиш;
шаҳарсозлик фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш йўли билан яратилади.
6-модда. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари
Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозликнинг асоси бўлиб, улар шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар бўлиб:
ҳудудларни ривожлантиришни ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш;
муҳандислик қидирувлари;
лойиҳалаштириш, шу жумладан технологик лойиҳалаштириш;
объектларни қуришни, реконструкция қилишни, мукаммал ва жорий таъмирлашни, шунингдек бузишни амалга ошириш;
объектлардан фойдаланиш, уларни таъмирлаш ёки қайта тиклаш (ишларни ташкил этиш, юритиш ва қабул қилиб олиш);
объектларнинг муҳандислик тизимларини ўрнатиш;
объектларнинг қийматини белгилаш;
қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш ҳамда улардан фойдаланиш чоғидаги мажбурий талабларни белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг геологик, табиий-иқлимий, сейсмологик ҳамда бошқа ўзига хос хусусиятларига мослаштирилган шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги халқаро ва хорижий норматив-техник ҳужжатлардан фойдаланишга йўл қўйилади.
Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари тўғрисидаги ахборот шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари чегарадош ер участкалари, реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) ҳамда бошқа кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг, эгаларининг ва улардан фойдаланувчиларнинг, шунингдек шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда қайси юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига дахл қилиниши мумкин бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари масалалари юзасидан давлат органлари томонидан қарорлар қабул қилиниши учун асос бўлади.
7-модда. Идоравий қурилиш нормалари
Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш чоғида идоравий қурилиш нормаларидан фойдаланилиши мумкин.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар бир вазирлик, давлат қўмитаси ва идора доирасида қўлланилиши мумкин бўлган идоравий қурилиш нормаларини ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқиши, тасдиқлаши, қайта кўриб чиқиши ёки бекор қилиши мумкин.
Идоравий қурилиш нормалари шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид бўлмаслиги керак.
Идоравий қурилиш нормалари тасдиқланишидан олдин шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи билан келишиб олинади.
8-модда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг, жамият ва давлатнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатлари
Юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ манфаатлари уларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатлари жумласига киради.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик фаолияти, агар бундай фаолият чегарадош ер участкалари, реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) ҳамда бошқа кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг, эгаларининг ҳамда улардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалга оширилишига монелик қилса, чекланиши керак.
Фуқароларнинг қулай ҳаёт фаолияти муҳитига бўлган ҳуқуқи, хўжалик ва бошқа фаолиятнинг атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик, экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли пунктларининг ҳамда уларга туташ ҳудудларнинг муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларини ривожлантириш, маданий мерос объектларини сақлаш, шунингдек шаҳарсозлик фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги жамиятнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатларидир.
Аҳоли пунктларини ва аҳоли пунктлариаро ҳудудларни барқарор ривожлантириш учун шарт-шароитларни таъминлаш, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмалар тизимларининг ишлаб туриши, табиий ресурсларни ва маданий мерос объектларини сақлаш, шунингдек манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик давлатнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатларидир.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг, жамият ва давлатнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатлари шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари, шаҳарсозлик ҳужжатлари талабларига риоя этиш, шунингдек уларга риоя этилиши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали таъминланади.
Агар шаҳарсозлик фаолияти юридик ва жисмоний шахслар, жамият ва давлат манфаатларига зид бўлса, бундай фаолият тугатилиши керак.
9-модда. Фуқароларининг қулай ҳаёт фаолияти муҳитига бўлган ҳуқуқи
Ҳар бир фуқаро қулай ҳаёт фаолияти муҳитига бўлган ҳуқуққа эга.
Шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда фуқароларнинг қулай ҳаёт фаолияти муҳитига бўлган ҳуқуқи:
шаҳарсозлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш;
ҳудудларни ва аҳоли пунктларини ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш;
фуқароларнинг шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этиши;
қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини сертификатлаштириш;
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан давлат ва жамоатчилик назорати;
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги натижасида фуқароларга етказилган ҳамда уларнинг ҳаёт фаолияти муҳити ёмонлашишига сабаб бўлган зарарларни компенсация қилиш, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш орқали таъминланади.
10-модда. Шаҳарсозлик фаолиятига доир асосий талаблар
Шаҳарсозлик фаолиятига доир асосий талаблар қуйидагилардан иборат:
шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши;
ҳудудлар ва аҳоли пунктларини табиий ҳамда техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсиридан ҳимоя қилиш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик талабларига, ёнғинга қарши ҳамда санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига риоя этиш;
сувни муҳофаза қилиш зоналари, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектларининг муҳофаза зоналари талабларига риоя этиш;
маданий мерос объектларини ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш талабларига риоя этиш;
аҳоли пунктларини аҳоли пунктларининг тегишли тури учун шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган аҳолига хизмат кўрсатиш даражасидан кам бўлмаган муҳандислик, транспортга оид ҳамда ижтимоий инфратузилмалар объектлари, рекреация ва соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган объектлар, шунингдек ҳудудларни ободонлаштириш объектлари билан таъминлаш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий инфратузилма объектларидан (турар жойлар, жамоат ва ишлаб чиқариш бинолари, иморатлари ва иншоотлари, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт объектлари ва бошқа объектлардан) монеликсиз фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги қарорларнинг муҳокамаси ва қабул қилинишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар иштирок этиши учун шарт-шароитларни таъминлаш.
11-модда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш чоғидаги мажбуриятлари
Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш чоғида юридик ва жисмоний шахслар:
аҳолининг қулай ҳаёт фаолияти муҳитини асраши;
шаҳарсозлик ҳужжатларига, аҳоли пунктларини ва ҳудудларни қуриш қоидаларига риоя этилишини таъминлаши;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик талабларига, ёнғинга қарши ҳамда санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига риоя этиши;
атроф-муҳитга, маданий мерос объектларига, шаҳар, қишлоқ ландшафтларига, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмалар объектларига, ҳудудларни ободонлаштириш объектларига зарарли таъсир этадиган, учинчи шахсларнинг қонуний манфаатларига дахл этадиган ҳамда чегарадош ер участкалари, реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) ҳамда бошқа кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг, эгаларининг ёки улардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари амалга оширилишига монелик қиладиган хатти-ҳаракатлар содир этмаслиги;
ер участкаларидан ва бошқа кўчмас мулк объектларидан шаҳарсозлик регламентларига риоя этган ҳолда фойдаланиши;
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи давлат органларининг кўрсатмаларини бажариши;
давлат шаҳарсозлик кадастри юритилишини ва шаҳарсозлик фаолияти объектларининг мониторингини амалга оширувчи шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органига ҳамда объектларни техник инвентаризациядан ўтказувчи ташкилотларга ўзларига тегишли объектлардаги ўзгаришлар ҳақида ишончли маълумотлар тақдим этиши;
шаҳарсозлик ҳужжатлари материалларини, шу жумладан комплекс муҳандислик қидирувлари материалларини (бундан мавсумий ишлар учун вақтинчалик ва хўжалик-маиший иморатлари, уч юз куб метрдан ошмайдиган алоҳида турган объектларга доир шаҳарсозлик ҳужжатлари мустасно) шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг тегишли ҳудудий бўлинмаларига тақдим этиши шарт.
Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш чоғида юридик ва жисмоний шахсларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
12-модда. Аҳоли пунктларининг турлари
Аҳоли пунктлари шаҳарларга, шаҳарчаларга, қишлоқлар ва овулларга бўлинади.
Аҳолининг сонига қараб шаҳарлар қуйидагиларга бўлинади:
энг йирик — аҳолисининг сони бир миллиондан ортиқ кишидан иборат;
йирик — аҳолисининг сони икки юз эллик мингдан бир миллионгача кишидан иборат;
катта — аҳолисининг сони юз мингдан икки юз эллик минггача кишидан иборат;
ўртача — аҳолисининг сони эллик мингдан юз минггача кишидан иборат;
кичик — аҳолисининг сони эллик минггача кишидан иборат бўлган шаҳарлар.
Аҳолининг сонига қараб шаҳарчалар қуйидагиларга бўлинади:
катта — аҳолисининг сони йигирма мингдан ортиқ кишидан иборат;
ўртача — аҳолисининг сони ўн мингдан йигирма минггача кишидан иборат;
кичик — аҳолисининг сони ўн минггача кишидан иборат бўлган шаҳарчалар.
Аҳолининг сонига қараб қишлоқлар ва овуллар қуйидагиларга бўлинади:
йирик — аҳолисининг сони беш мингдан ортиқ кишидан иборат;
катта — аҳолисининг сони уч мингдан беш минггача кишидан иборат;
ўртача — аҳолисининг сони бир мингдан уч минггача кишидан иборат;
кичик — аҳолисининг сони бир минггача кишидан иборат бўлган қишлоқлар ва овуллар.
Вақтинчалик аҳамиятга молик ва аҳоли таркиби доимий бўлмаган ҳамда иқтисодиёт тегишли тармоғининг хизмат мақсадидаги объектлари бўлган бинолар ва иншоотларнинг гуруҳлари (вахта усулида ишловчи нефтчилар, газчилар, изланувчиларнинг шаҳарчалари ҳамда уйлари), шунингдек якка уйлар (темир йўл назоратчиларининг, ўрмончиларнинг уйлари, дала шийпонлари ва бошқалар) ушбу бинолар ва иншоотлар маъмурий, ишлаб чиқариш ёки ҳудудий муносабатларда шаҳарсозлик фаолиятининг қайси тегишли субъектлари билан боғлиқ бўлса, ўша субъектлар тасарруфида бўлади.
Аҳоли пунктининг турига қараб шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби, уларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби белгиланади.
Янги аҳоли пунктларини жойлаштириш ҳамда мавжудларини ривожлантириш ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ва инвестициявий ривожлантиришнинг узоқ муддатли прогнозларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош тарҳига, ҳудудларни режалаштириш тарҳларига ҳамда туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларига, аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қуришга оид шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Аҳоли пунктларини ташкил этиш ҳамда қайта ташкил этиш, уларнинг мақоми ва чегараларини ўзгартириш тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
Аҳоли пунктлари чегараларидаги ерлар аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига, шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ улардан фойдаланишнинг тартибга солинишини амалга оширувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлади.
Аҳоли пунктларининг ерларидан фойдаланиш шартлари ва тартибига доир шаҳарсозлик талаблари шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
2-боб. Шаҳарсозлик фаолияти объектлари ва субъектлари
13-модда. Шаҳарсозлик фаолияти объектлари
Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди ва ҳудудининг қисмлари, аҳоли пунктларининг ҳудудлари ва ҳудудларининг қисмлари, аҳолини жойлаштиришнинг умумдавлат ҳамда ҳудудий тизимлари, ер участкалари, бинолар ва иншоотлар, ҳудудий-ишлаб чиқариш, шаҳарсозлик ҳамда ландшафт мажмуалари, рекреация ва ишлаб чиқариш зоналари, маданий мерос объектлари ҳамда уларнинг муҳофаза зоналари, аҳоли пунктлари чегараларидаги ва аҳоли пунктлариаро ҳудудлардаги акваториялар, муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) шаҳарсозлик фаолияти объектларидир.
Шаҳарсозлик фаолияти объектлари учун шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилади.
14-модда. Шаҳарсозлик фаолияти субъектлари
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан чет эллик юридик ва жисмоний шахслар шаҳарсозлик фаолияти субъектларидир.
Шаҳарсозлик фаолияти субъектлари:
шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги буюртмачилар;
шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар;
объектларни қуриш бўйича пудратчилар;
шаҳарсозлик фаолияти объектларидан фойдаланувчилар сифатида иш юритиши мумкин.
Шаҳарсозлик фаолияти субъектлари тегишли давлат органларидан аҳоли пунктларини, уларнинг тизимларини ва ҳудудларини кутилаётган режалаштириш, қуриш ҳамда реконструкция қилиш билан боғлиқ бўлган, ўзининг шаҳарсозлик фаолиятига таъсир эта оладиган қарорлар тайёрланиши ва қабул қилиниши ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга.
Шаҳарсозлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзига мулк қилиб, эгалик қилишга ва фойдаланишга берилган ер участкаларидан белгиланган мақсадда фойдаланиши, шунингдек маданий мерос объектларига, табиий ҳамда сунъий ландшафтларга зарар етказмаслиги, аҳолининг ҳаёт фаолияти муҳити ёмонлашишига, шаҳарсозлик фаолияти бошқа субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилишига олиб келадиган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги шарт.
15-модда. Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги буюртмачилар
Қуйидагилар шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги буюртмачилар бўлиши мумкин:
давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар;
давлат-хусусий шериклик асосида фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар.
Буюртмачилар:
шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчини танлаш ҳамда у билан бу ҳужжатларни ишлаб чиқишга доир шартномани тузиш;
объектларни қуриш бўйича пудратчини танлаш ва у билан пудрат шартномасини тузиш ҳуқуқига эга.
Буюртмачилар:
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этиши;
шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун топшириқларни тайёрлаши ва тасдиқлаши;
шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчиларга лойиҳалаштиришга доир бирламчи-рухсат берувчи ҳужжатларни, шу жумладан архитектура-режалаш топшириғини, топографик материалларни, муҳандислик-геологик қидирувларнинг ва таянч қурилиш конструкцияларининг техник ҳолатини текширувдан ўтказиш материалларини, нуқсонларга оид далолатномаларни тақдим этиши;
шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилишини таъминлаши;
лойиҳалаштириш жараёни устидан текширувни ва қурилиш сифати устидан техник назоратни амалга ошириши, қурилиш жараёнида камчиликлар ва нуқсонлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўриши;
шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчи билан тузилган шартнома асосида шаҳарсозлик ҳужжатларини амалга ошириш бўйича муаллифлик назорати амалга оширилишини таъминлаши;
ҳудудий инспекциялар томонидан қурилиши тугалланган объектни эксплуатация қилиш учун рухсатнома берилганидан кейин фойдаланишнинг кафолат муддати давомида аниқланган камчиликлар бартараф этилишини ташкил қилиши шарт.
Буюртмачиларга, бундан асосий фаолият тури сифатида қурилиш-монтаж ишларини олиб борувчи ташкилотлар мустасно, пудратчи билан қурилиш пудрати шартномасини тузмасдан мустақил равишда (хўжалик усулида) баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ, икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда) бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш тақиқланади.
Буюртмачилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
16-модда. Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар
Тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар, шунингдек шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни бошлаш тўғрисида ваколатли органни хабардор қилиш асосида фаолият юритадиган юридик шахслар шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар (бундан буён матнда ишлаб чиқувчилар деб юритилади) бўлиши мумкин.
Ишлаб чиқувчилар:
ишлаб чиқиладиган шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби ва ҳажмини қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилаш;
шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишга доир танловларда иштирок этиш;
шаҳарсозлик ҳужжатларини амалга ошириш бўйича муаллифлик назоратини олиб бориш;
қурилиш, монтаж ишлари ва махсус ишлар тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари ҳамда норматив талаблардан фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган, маданий мерос объектларининг шикастланиши ҳамда йўқ қилиниши хавфини туғдирадиган, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг, жамият ва давлатнинг манфаатларига зиён келтирадиган тарздаги четга чиқишлар билан бажарилган тақдирда, қурилиш, монтаж ишларини ва махсус ишларни тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақида таклифлар киритиш;
зарур ҳолларда, шаҳарсозлик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.
Ишлаб чиқувчилар:
шаҳарсозлик ҳужжатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилишини таъминлаши;
ўзлари ишлаб чиққан шаҳарсозлик ҳужжатларини барча манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан келишиб олиши шарт.
Ишлаб чиқувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
17-модда. Объектларни қуриш бўйича пудратчилар
Тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар шунингдек жисмоний шахслар объектларни қуриш бўйича пудратчилар (бундан буён матнда пудратчилар деб юритилади) бўлиши мумкин.
Жисмоний шахслар пудратчилар сифатида:
икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойларни қуриш;
мавсумий ишлар ва яйлов чорвачилиги учун вақтинчалик иморатларни, хўжалик-маиший биноларини қуриш;
якка тартибдаги томорқа ер участкалари ҳудудида, шунингдек жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун ажратилган ер участкаларида хўжалик-маиший иморатларини қуриш;
томорқа ер участкаларида ва мавжуд муҳандислик тармоқларини ўзгартириш талаб этилмайдиган жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун ажратилган ер участкаларини ободонлаштириш;
умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган, йиғма-қисмларга ажраладиган конструкциялардан қуриладиган савдо объектлари, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари учун бир қаватли бино ва иншоотларни қуриш;
иккитадан кўп бўлмаган автомашинага мўлжалланган бокслардан иборат гаражларни қуриш;
кичик архитектура шаклларини қуриш ва ҳудудларни ўраш;
очиқ спорт майдончалари, йўлаклар қуриш, бино ва иншоотлар атрофига тош ётқизиш;
реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) қуриш;
мулкдорларнинг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган техник жиҳатдан мураккаб бўлмаган иморатларни қуриш бўйича ишларни амалга ошириши мумкин.
Пудратчилар:
бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг янги конструктив ечимларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
ишлаб чиқувчи, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг тегишли ҳудудий бўлинмаси ва буюртмачи билан келишган ҳолда шаҳарсозлик ҳужжатларига биноларнинг, иншоотларнинг ва бошқа объектларнинг архитектура-бадиий қиёфасини ҳамда конструктив ечимини ёмонлаштирмаган тарзда техник-иқтисодий кўрсаткичларни яхшилайдиган ўзгартиришлар киритиш;
ишлаб чиқувчидан зарур техник маслаҳатлар олиш ҳуқуқига эга.
Пудратчилар:
қурилишни тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши;
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, шаҳарсозлик ҳужжатларида қабул қилинган ечимларга риоя этиши;
буюртмачининг техник назоратига оид, ишлаб чиқувчининг муаллифлик назоратига оид қонуний талабларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ҳудудий инспекцияларнинг қонуний талабларини бажариши;
ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этувчи барча ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги анжомлари, жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлаши;
буюртмачига қурилиши тугалланган объектда бажарилган ишларнинг тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги декларацияни (бундан буён матнда мувофиқлик декларацияси деб юритилади) тақдим этиши шарт.
Пудратчилар қурилишнинг пировард натижалари ва пудрат шартномасида белгиланган мажбуриятларга мувофиқ шартнома нархига риоя этилиши учун жавобгар бўлади.
Пудратчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
3-боб. Давлат органларининг шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари
18-модда. Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви
Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари амалга оширади.
Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари барча вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.
19-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
шаҳарсозлик соҳасида комплекс давлат дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишига кўмаклашади;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштириш бош тарҳини ҳамда Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини режалаштириш тарҳларини, умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳларини ҳамда муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш лойиҳаларини тасдиқлайди;
Тошкент ва Нукус шаҳарларининг, шунингдек республика ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларнинг бош режаларини тасдиқлайди;
шаҳарлар шаҳар атрофи зоналарининг чегараларини тасдиқлайди;
умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг чегараларини ҳамда тегишли объектлар ҳудудларида шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш тартиботини белгилайди;
давлат шаҳарсозлик кадастрини ҳамда шаҳарсозлик фаолияти объектларининг мониторингини юритиш тартибини белгилайди;
умумдавлат аҳамиятига молик объектларнинг шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилишини, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ишлаб чиқилишини молиялаштириш тартибини белгилайди;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги айрим фаолият турларини лицензиялаш ва шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказадиган юридик шахсларни аккредитация қилиш тартибини белгилайди;
шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизасини ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини белгилайди;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини белгилайди;
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви органларининг ташкилий тузилмасини белгилайди;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши фаолиятини мувофиқлаштиради ва ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
20-модда. Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).
Махсус ваколатли давлат органи:
шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштириш бош тарҳи ишлаб чиқилишини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар (вилоятлар гуруҳлари) ҳудудларини режалаштириш тарҳларини ва умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилиши, шунингдек шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари ташкил этилишини таъминлайди;
шаҳарларнинг, шаҳарчаларнинг бош режаларини, бундан тасдиқланиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари жумласига киритилган шаҳарларнинг бош режалари мустасно, ҳамда Тошкент шаҳрининг марказий қисмларини, вилоятларнинг маъмурий марказларини, шунингдек маданий мерос объектларига эга бўлган шаҳарларни батафсил режалаштириш лойиҳаларини тасдиқлайди;
умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектлари учун чегараларни белгилаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
шаҳарсозлик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан тақдим этилган идоравий қурилиш нормаларини келишиб олади;
шаҳарсозлик, архитектура, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга, ихтисослашган давлат таълим муассасаларида ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнининг даражаси ва сифатини оширишга, қурилиш соҳасида, шу жумладан хориждаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида лойиҳачиларни ҳамда мутахассисларни қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашади;
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, давлат стандартларига, қурилиш ишлари технологияларига, қурилиш материаллари ва буюмлари сифатига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;
шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ягона сиёсатни амалга оширади ва экспертиза хулосаларининг ягона реестрини юритади;
қурилишда стандартлаштириш ишларини амалга оширади;
давлат шаҳарсозлик кадастри ва шаҳарсозлик фаолияти объектларининг мониторинги юритилишини амалга оширади;
аҳоли пунктларининг бош режалари ишлаб чиқилишини ташкил этади;
шаҳарсозлик ҳужжатларининг амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш тартибини белгилайди;
шаҳарсозлик фаолиятининг айрим турларини амалга ошириш учун лицензиялар беради;
шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизасини амалга оширувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ малакаси бўлиши мажбурий бўлган, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларни сертификатлаштирадиган юридик шахсларни аккредитациядан ўтказади;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида аҳолини мунтазам равишда хабардор қилади;
ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар юзасидан шаҳарсозлик фаолияти субъектлари ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқади;
шаҳарсозлик фаолияти объектларини рўйхатга олади;
техник назоратни амалга ошириш бўйича буюртмачининг ва муаллифлик назоратини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқувчининг ишларини текширади, шунингдек техник ва муаллифлик назорати сифатсиз амалга оширилган тақдирда, уларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш тўғрисида ваколатли органларга таклифлар киритади;
шаҳарсозлик соҳасидаги норматив ҳужжатлар бузилганлиги аниқланган тақдирда, қурилиш материаллари ва буюмларининг ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ҳамда қўлланилишини, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда тасдиқланган лойиҳа ечимлари талаблари чидамлилик ва пухталик хусусиятлари пасайишига сабаб бўлган даражада бузилганда, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг авария хавфи бўлган, объектлар ўзбошимчалик билан қурилган тақдирда қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тўхтатиб туради. Қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқаришни, реализация қилишни ҳамда қўллашни, қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб туришга олиб келадиган тарзда тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа реал таҳдид юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маъмурий ишларни кўриб чиқади ва жарима тарзидаги маъмурий жазо беради;
қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш бўйича комиссиялар ишида иштирок этади.
Махсус ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
21-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органларининг шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида:
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади, шунингдек шаҳарсозлик фаолияти объектларининг бут сақланишини таъминлайди;
шаҳарлар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ва истиқболдаги урбанизация жараёнлари асосида аҳолини оқилона жойлаштириш, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш масалаларини ҳал қилади;
маҳаллий аҳамиятга молик объектларни қуришга доир шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи вазифаларини бажаради ва бу объектларнинг молиялаштирилишини таъминлайди;
шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
ўз ҳудудидаги шаҳарсозлик фаолиятини, агар бу фаолият шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаса, чеклайди, тўхтатиб туради ёки тақиқлайди. Тадбиркорлик субъектларининг шаҳарсозлик фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа реал таҳдид юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;
реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш масалаларига доир шаҳарсозлик фаолиятини назорат қилади ҳамда режалаштиради, шу жумладан реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) қурилиши учун ажратиладиган ер участкалари рўйхатини шакллантиради, уларни паспортлаштиришни амалга оширади;
аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқишни ташкил этади ва уларнинг жамоатчилик муҳокамасини таъминлайди;
қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режаларини, аҳоли пунктлари ҳудудларининг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларини (бундан буён матнда батафсил режалаштириш лойиҳаси деб юритилади) ҳамда мавзеларни, кичик даҳаларни ва аҳоли пунктлари режалаштирилган тузилмасининг элементларини қуриш лойиҳаларини (бундан буён матнда қуриш лойиҳаси деб юритилади) тасдиқлаш учун тегишли ҳокимият вакиллик органларига киритади;
вилоятлар ҳудудларини режалаштириш тарҳлари, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, шунингдек ободонлаштириш тарҳлари ва лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этади;
туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларини тасдиқлаш учун тегишли вакиллик органларига киритади;
маҳаллий аҳамиятга молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг чегараларини ҳамда тегишли объектлар ҳудудларида шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш тартиботини белгилайди;
аҳоли пунктларини қуриш қоидалари лойиҳаларини тасдиқлаш учун тегишли ҳокимият вакиллик органларига киритади;
аҳоли пунктлари шаҳарсозлик ҳужжатларининг, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг ишлаб чиқилиши ва молиялаштирилишини, давлат шаҳарсозлик кадастри, шаҳарсозлик фаолияти объектларининг мониторинги юритилишини, комплекс муҳандислик қидирувлари ўтказилишини, аҳоли пунктларини микросейсмик ҳудудлаштириш хариталари тузилишини, шаҳарсозлик ҳужжатлари амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб борилишини ва бу ҳужжатларнинг экспертизадан ўтказилишини таъминлайди;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида аҳолини мунтазам равишда хабардор қилади;
ўзбошимчалик билан қурилган иморатларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бузиб ташланишини ташкил этади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
22-модда. Туманлар (шаҳарлар) ижро этувчи ҳокимият органларининг шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари
Туманлар (шаҳарлар) ижро этувчи ҳокимият органлари:
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади, шунингдек шаҳарсозлик фаолияти объектларининг бут сақланишини таъминлайди;
шаҳарлар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ва истиқболдаги урбанизация жараёнлари асосида аҳолини оқилона жойлаштириш, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш масалаларини ҳал қилади;
маҳаллий аҳамиятга молик объектларни қуришга доир шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи вазифаларини бажаради ва бу объектларнинг молиялаштирилишини таъминлайди;
ўз ҳудудидаги шаҳарсозлик фаолиятини, агар бу фаолият шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаса, чеклайди, тўхтатиб туради ёки тақиқлайди. Тадбиркорлик субъектларининг шаҳарсозлик фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа реал таҳдид юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;
ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилади;
туманларни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини, батафсил режалаштириш лойиҳаларини, қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади ҳамда уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;
аҳоли пунктларини қуриш қоидалари лойиҳаларини тасдиқлаш учун тегишли ҳокимият вакиллик органларига киритади;
шаҳарсозлик фаолияти объектларининг қурилиши тўғрисида қарорлар қабул қилади;
реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) масалаларига доир шаҳарсозлик фаолиятини назорат қилади ҳамда режалаштиради, шу жумладан реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) қурилиши учун ажратиладиган ер участкалари рўйхатини шакллантиради, уларни паспортлаштиришни амалга оширади;
шаҳарсозлик фаолияти объектларининг техник ҳолати инвентаризациядан ўтказилишини ташкил этади;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғидаги ўзининг расмий веб-сайтлари орқали аҳолини мунтазам равишда хабардор қилади.
Ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи хатбошиси қоидалари шаҳарлар таркибига кирувчи туманларнинг вакиллик ҳокимияти органларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Туманлар (шаҳарлар) вакиллик ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
4-боб. Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси
23-модда. Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини ўтказиш
Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси махсус ваколатли давлат органининг ихтисослаштирилган таркибий бўлинмалари, бунга ваколатли бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ихтисослаштирилган таркибий бўлинмалари, эксперт комиссиялари ва эксперт гуруҳлари, шунингдек аккредитация қилинган юридик шахслар (бундан буён матнда эксперт ташкилотлари деб юритилади) томонидан ўтказилади.
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси махсус ваколатли давлат органининг ихтисослаштирилган таркибий бўлинмалари томонидан ўтказилади.
Шаҳарсозлик ҳужжатлари шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига, шу жумладан шаҳарсозлик, ёнғинга қарши ҳамда экологик нормалар ва қоидаларга, шунингдек санитария қоидалари ва нормаларига, гигиена нормативларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилиши лозим.
Шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш учун шаҳарсозлик ҳужжатлари зилзилага бардошлилик ва ёнғин хавфсизлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилиши лозим.
Тўғридан-тўғри инвестициялар, шу жумладан чет эл инвестициялари ҳисобидан амалга ошириладиган объектлар бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларининг смета қисмини экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди.
Қуйидаги объектларнинг шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси мажбурий эмас:
мавсумий ишлар учун вақтинчалик ва маиший бинолар;
уч юз куб метрдан ортиқ бўлмаган алоҳида қурилаётган кичик ҳажмдаги объектлар;
икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар;
I хавф-хатар тоифасига кирадиган объектлар;
биноларни, иншоотларни ва бошқа объектлар жорий таъмирланганда.
Лойиҳа ечимларига ўзгартиришлар киритилган тақдирда, шу жумладан қурилаётган ёки мавжуд объектларнинг конструкцияси ўзгарганда (қаватлар сони ўзгарганда, ёнма-ён қурилганда, устига қават қурилганда) шаҳарсозлик ҳужжатлари киритилаётган ўзгартиришлар қисмида қайта экспертизадан ўтказилади.
Илгари экспертизанинг ижобий хулосалари берилган якка тартибдаги ва намунавий лойиҳалар такроран қўлланилганда экспертиза ушбу лойиҳаларни аниқ бир жойга ва шартларга боғлаш қисмида амалга оширилади.
Буюртмачи зиммасига шаҳарсозлик ҳужжатларининг тўлиқ тўпламини экспертизадан ўтказиш учун тақдим этиш ва уларнинг ишончлилигини таъминлаш мажбурияти юкланади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизаси буюртмачилар ва эксперт ташкилотлари томонидан тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади, бунда харажатлар кўриб чиқилаётган лойиҳани ишлаб чиқиш қийматига киритилади.
Экспертизанинг ижобий хулосалари (бундан давлат сирлари ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирларни ўз ичига олган шаҳарсозлик ҳужжатларига доир хулосалар мустасно) улар экспертиза хулосаларининг ягона реестрига киритилган тақдирдагина ҳақиқий деб тан олинади.
Экспертизанинг ижобий хулосалари шаҳарсозлик ҳужжатларини келишиб олиш, тасдиқлаш ва келгусида амалга ошириш учун асос бўлади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
24-модда. Эксперт ташкилотларининг ваколатлари
Эксперт ташкилотлари:
қабул қилинган архитектура-режалаштириш ва шаҳарсозлик ечимларининг шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидаларига мувофиқлигини текширади;
шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг мажбурий талабларига, шу жумладан энергия жиҳатидан самарадор ҳамда энергияни тежайдиган техник, технологик ва инновацион лойиҳа ечимларини қўллаш бўйича мажбурий талабларига риоя этилишини текширади;
экспертиза натижалари юзасидан хулосалар тақдим этади;
бажарилган лойиҳа-қидирув ишларининг сифатига баҳо беради.
Эксперт ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
25-модда. Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертлари:
ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш лойиҳалари бўйича комплекс шаҳарсозлик экспертизасида эксперт комиссиялари (эксперт гуруҳлари) таркибида иштирок этишга;
буюртмачилардан ва ишлаб чиқувчилардан зарур материалларни ҳамда ахборотни сўраш ва олишга;
шаҳарсозлик фаолиятининг профессионал ихтисослашувига мувофиқ лойиҳаларнинг алоҳида бўлимлари (қисмлари) бўйича экспертизани амалга ошириш, улар бўйича маҳаллий экспертиза хулосаларини тузишга. Айрим бўлимлар (қисмлар) бўйича экспертизанинг локал хулосалари шаҳарсозлик ҳужжатларини яхлит тарзда тасдиқлаш учун асос ҳисобланмайди ва экспертизанинг жамланма хулосасини тузишда фойдаланилади;
буюртмачи экспертиза хулосасида қайд этилган шартларни (талабларни) бажармаган ҳолларда эксперт ташкилоти томонидан илгари берилган экспертиза хулосасини чақириб олинишини таклиф қилишга ҳақлидир.
Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертларига қуйидагилар тақиқланади:
мазкур эксперт тайёрланишида бевосита ёки билвосита иштирок этган лойиҳалар юзасидан ёхуд эр (хотин) ва (ёки) бошқа яқин қариндошлар иштирокида бажарилган лойиҳалар юзасидан экспертиза ўтказиш;
шаҳарсозлик фаолиятининг субъектлари билан меҳнатга оид, молиявий жиҳатдан ва (ёки) бошқача тобелик муносабатларида бўлиш.
Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертлари:
шаҳарсозлик ҳужжатларининг кўриб чиқилаётган лойиҳалари бўйича давлат сирларининг ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг махфийлигига риоя этиши ҳамда сақланишини таъминлаши;
ўз касбий малакасини ошириб бориши;
касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши шарт.
Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлар ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Экспертиза сифатсиз ўтказилганлиги ҳоллари аниқланган тақдирда экспертлар ва эксперт ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Экспертлар ва эксперт ташкилотлари ўз фаолиятида шаҳарсозлик фаолияти субъектларидан мустақилдир. Шаҳарсозлик ҳужжатларини кўриб чиқиш ва улар бўйича экспертиза хулосаларини тайёрлаш вақтида ҳеч ким экспертлар ёки эксперт ташкилотлари ишига аралашишга ҳақли эмас.
5-боб. Қурилишни назорат қилиш ва амалга ошириш
26-модда. Қурилишни назорат қилиш
Қурилишни назорат қилиш шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан қурилишга тайёргарлик кўриш, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж, ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш, объектни фойдаланишга қабул қилиб олиш даврида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш чоғида қуйидагиларнинг амалга оширилиши таъминланиши керак:
қурилиш устидан давлат назорати;
буюртмачининг техник назорати;
ишлаб чиқувчининг муаллифлик назорати;
пудратчининг ички назорати.
27-модда. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасидаги назорат инспекциясининг ва унинг ҳудудий инспекцияларининг ваколатлари
Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси (бундан буён матнда Инспекция деб юритилади) ва унинг ҳудудий инспекциялари (бундан буён матнда ҳудудий инспекциялар деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
Инспекция ва ҳудудий инспекциялар ўз ваколатлари доирасида:
маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва махсус ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлинмаларига шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда қабул қилинган қарорларни бекор қилиш ҳақида тақдимномалар киритади;
бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек фуқаро ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи конструктив қоидабузарликлар аниқланган ҳолларда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туради ҳамда демонтаж ишлари амалга оширилишини талаб қилади;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган қурилиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларига риоя қилинмаган ва аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича камида иккита кўрсатма бажарилмаган ҳолларда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туради ва демонтаж ишларини олиб бориш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилади;
юридик ва жисмоний шахсларга шаҳарсозлик фаолияти соҳасида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларни, уларни бажаришнинг шаҳарсозлик фаолияти объектидаги ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш учун зарур бўлган мутаносиб муддатларини, лекин кўпи билан олтмиш кунни белгилаган ҳолда, беради;
шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишга доир лицензияларнинг ҳамда рухсат берувчи ҳужжатларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки уларни бекор қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун тегишли давлат органлари ҳамда ташкилотларга тақдимномалар юборади;
шаҳарсозлик фаолияти объектларида бинолар ҳамда иншоотларнинг зилзилабардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи сифатсиз қурилиш материаллари, конструкциялари ҳамда буюмлари қўлланилганлиги аниқланган ҳолларда, қурилиш материалларини, конструкцияларини ва буюмларини ишлаб чиқаришни, реализация қилиш ҳамда қўллашни тўхтатиб туриш ҳақида тегишли давлат органлари ва ташкилотларга тақдимномалар юборади;
қурилаётган объектларга монеликсиз киради ва давлат назорати вазифаларини амалга оширади;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига, қурилишда қўлланиладиган қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлишига риоя этилиши устидан, шунингдек техник ва муаллифлик назорати юритилиши устидан танлаб ўтказиладиган давлат назоратини амалга оширади;
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда маъмурий баённомаларни расмийлаштиради ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади;
ўз ваколатларига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган материалларни, маълумотлар ва ахборотни вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан сўрайди ва олади;
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакилларини, илмий-техник ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг экспертлари ҳамда мутахассисларини давлат назорати тартибида ўтказиладиган текширувларга жалб этади;
қурилиш объектларидаги авариялар ҳолатларини текшириш бўйича идоралараро комиссиялар ишида иштирок этади;
қурилиш-монтаж ишларини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларга конструкцияларнинг айрим элементларини, узеллар ва деталларни очиш ва қайта ёпиб қўйиш, пойдеворлар остидаги тупроқни, қўлланилган қурилиш материалларини, конструкцияларини, буюмларини ҳамда муҳандислик коммуникацияларини синаш юзасидан топшириқлар беради, шунингдек тегишли хулоса тайёрлаш учун экспертлар ва мутахассисларни жалб қилади.
Инспекция ва ҳудудий инспекциялар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
28-модда. Техник назорат
Шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш ва реконструкция қилишда техник назорат буюртмачи томонидан техник назорат бўйича мутахассисни бириктириш ёки ушбу фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахсни шартнома асосида жалб қилиш йўли билан амалга оширилади.
Техник назорат бўйича мутахассис қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сертификатлаштирилган бўлиши керак.
Техник назорат бўйича мутахассис:
пудратчи томонидан ташкилий-технологик ҳужжатлар ва шаҳарсозлик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, шунингдек қурилиш объектида қурилиш-монтаж ишларининг сифатининг таъминланиши устидан назоратни амалга оширади;
яширин ишларни текшириш ва муҳим конструкцияларни оралиқ қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаларни расмийлаштиришда қатнашади;
техник назорат журналининг тўғри юритилишини таъминлайди;
қурилиш жараёнида йўл қўйилган қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан пудратчилар ва муаллифлик назорати бўйича мутахассислар томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;
конструкцияларнинг ишончлилигига ҳамда бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлилигига таъсир кўрсатувчи, шунингдек инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи камчиликлар аниқланганда, буюртмачини ҳамда ҳудудий инспекцияни таъсирчан чоралар кўриш учун хабардор қилган ҳолда, қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туради;
қурилиш объектидаги қурилиш-монтаж ишлари сифатини мунтазам равишда назорат қилади.
Объектни қуриш (реконструкция қилиш) тугаллангандан сўнг техник назорат бўйича мутахассис буюртмачига бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг сифати тўғрисида хулоса беради.
Техник назорат бўйича мутахассис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
29-модда. Муаллифлик назорати
Муаллифлик назорати ишлаб чиқувчи томонидан шартнома асосида объектни қуришнинг (реконструкция қилишнинг) бутун даври давомида амалга оширилади. Ишлаб чиқувчи муаллифлик назоратини амалга ошириш бўйича ўз ваколатларини шартнома асосида бошқа ишлаб чиқувчига, бу ҳақда буюртмачини хабардор қилган ҳолда, топшириш ҳуқуқига эга.
Муаллифлик назорати бўйича мутахассис қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сертификатлаштирилган бўлиши керак.
Муаллифлик назорати бўйича мутахассис:
қурилиш-монтаж ишларининг тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларида қабул қилинган лойиҳа ечимларига мувофиқ бажарилишини назорат қилади;
яширин ишларни кўрикдан ўтказиш ва муҳим конструкцияларни оралиқ қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаларни расмийлаштиришда қатнашади;
муаллифлик назорати журнали тўғри юритилишини таъминлайди ва муаллифлик назорати журналига тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларидан четга чиқишлар тўғрисидаги ёзувларни киритади, улар буюртмачи ва пудратчи томонидан бажарилиши мажбурийдир;
тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларидан конструкцияларнинг ишончлилигига ҳамда бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлилигига таъсир кўрсатувчи, шунингдек инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи четга чиқишлар аниқланганда, буюртмачини ҳамда ҳудудий инспекцияни таъсирчан чоралар кўриш учун хабардор қилган ҳолда, қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туради;
қурилиш объектининг тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги учун жавобгар бўлади.
Объектни қуриш (реконструкция қилиш) тугаллангандан сўнг муаллифлик назорати бўйича мутахассис буюртмачига бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.
Муаллифлик назорати бўйича мутахассис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
30-модда. Ички назорат
Ички назорат пудратчи томонидан камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш ва уларнинг олди олиш бўйича чоралар кўриш мақсадида амалга оширилади.
Ички назорат бўйича мутахассис қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сертификатлаштирилган бўлиши керак.
Ички назорат бўйича мутахассис:
шаҳарсозлик ҳужжатларининг шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ бутлиги юзасидан кириш назоратини;
қурилиш материалларини, конструкцияларини, буюмларини ва ускуналарини албатта ташқи кўздан кечиришдан ўтказган ҳолда, уларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига, иш чизмаларига, паспортларга, сертификатларга ва уларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан кириш назоратини;
техник ва муаллифлик назорати бўйича мутахассислар иштирокида муҳим конструкцияларни уларнинг тайёр бўлишига қараб қабул қилиб олиш йўли билан қурилиш жараёнлари технологияларига риоя этилишига доир операциялар бўйича назоратни;
тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишларини қабул қилиб олиш назоратини амалга оширади.
Ички назорат бўйича мутахассис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Қурилиш-монтаж ишлари сифатини назорат қилиш пудратчининг қурилиш лабораторияси ёки шартнома асосида жалб этиладиган ташкилот томонидан таъминланади.
31-модда. Қурилиш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш
Қурилиш ишларини ташкил этиш пировард натижага эришиш учун зарур бўлган барча ташкилий-техник ва технологик ечимлар қўлланилган ҳолда шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан амалга оширилади.
Қурилиш ишлари:
буюртмачи томонидан ҳудудий инспекция объектда қурилиш-монтаж ишлари бошланганлиги тўғрисида хабардор қилингандан кейин;
пудратчилар томонидан малакали муҳандис-техник ходимларни, мутахассислар ва ишчиларни жалб этган ҳолда, бундан ушбу Кодекс 17-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
эксперт ташкилотларининг ижобий хулосаси асосида тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ;
қурилишни ташкил этиш ва ишларни бажаришнинг тасдиқланган лойиҳалари мажбурий равишда мавжуд бўлганда амалга оширилиши керак.
32-модда. Объектларни қабул қилиш ва уларни фойдаланишга топшириш
Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш буюртмачи томонидан тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ тўлиқ тайёр бўлганда ва ижро ҳужжатлари, мувофиқлик декларацияси, бажарилган ишларнинг тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги ва қурилиш-монтаж ишларининг сифати тўғрисидаги хулосалар мавжуд бўлганда амалга оширилади.
Давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир билан боғлиқ қурилиши тугалланган объектларни, шунингдек давлат аҳамиятига эга объектларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузиладиган давлат қабул комиссияси (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) томонидан амалга оширилади. Бунда комиссия ишида буюртмачи, ишлаб чиқувчи ва пудратчининг вакиллари мажбурий тарзда иштирок этиши керак.
Қурилиши тугалланган объектни қабул қилиш пудратчи ва буюртмачи ўртасида имзоланадиган, қурилиши тугалланган объектни топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилади. Комиссия тузилган ҳолларда, қурилиши тугалланган объектни топшириш-қабул қилиш далолатномаси комиссия аъзолари, буюртмачи, ишлаб чиқувчи, пудратчи ҳамда техник ва муаллифлик назоратини амалга оширувчи шахслар томонидан имзоланади.
Қурилиши тугалланган объектни топшириш-қабул қилиш далолатномаси шакли махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.
Қурилиши тугалланган объектни қабул қилиш иштирокчиларининг вазифаларига қуйидагилар киради:
қурилиши тугалланган объектнинг тайёрлигини белгилаш ва ҳужжатли тасдиқлаш;
бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқлигини баҳолаш;
технологик, муҳандислик ёки бошқа ускуналарни (муҳандислик тизимларини) синовдан ўтказиш;
объектнинг ишга тушириладиган қувватининг (сиғими, ўтказувчанлигининг) шаҳарсозлик ҳужжатларида тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқлигини белгилаш.
Тасдиқланган лойиҳа ечимлари ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бузилишлари аниқланган тақдирда, шунингдек техник ва муаллифлик назоратини амалга оширувчи шахсларнинг салбий хулосалари мавжуд бўлганда буюртмачи (комиссия) пудратчи бузилишларни бартараф этгандан сўнг объектни фойдаланишга қабул қилади.
Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга топшириш ҳудудий инспекция томонидан қурилиши тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома берилиши орқали амалга оширилади.
Қуйидагилар қурилиши тугалланган объектдан фойдаланишга рухсатнома бериш учун асос бўлади:
қурилиши тугалланган объектни топшириш-қабул қилиш далолатномаси;
объектнинг ижро ҳужжатлари тўплами;
пудратчи томонидан берилган мувофиқлик декларацияси;
муаллифлик назоратини амалга оширувчи шахс томонидан берилган бажарилган ишларнинг тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса;
техник назоратни амалга оширувчи шахс томонидан берилган қурилиш-монтаж ишларининг сифати тўғрисидаги хулоса.
Ҳудудий инспекция томонидан қурилиши тугалланган объектдан фойдаланишга рухсатнома берилган сана объект фойдаланишга топширилган сана ҳисобланади.
Қурилган объектдан қурилиши тугалланган объектни топшириш-қабул қилиш тўғрисидаги тасдиқланган далолатномасиз ва ҳудудий инспекциянинг қурилиши тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатномасисиз фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Мувофиқлик декларациясининг, қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва бажарилган ишларнинг тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлигини тўғрисидаги хулосаларнинг буюртмачига тақдим этилиши ишлаб чиқувчини, пудратчини, техник ва муаллифлик назоратини амалга оширувчи шахсларни объектни лойиҳалаштириш, қуриш, қабул қилиш ва фойдаланишга топширишда бажарилган ишлар учун жавобгарликдан озод қилмайди.
Буюртмачи қурилиши тугалланган объектни ўз вақтида топшириш-қабул қилиш ва уни фойдаланишга топшириш учун жавобгар бўлади.
Қурилиши тугалланган объектни қабул қилиш ва уни фойдаланишга топшириш бўйича тартиб-таомилларни ўтказиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
33-модда. Қурилиш материалларига, буюмларига ва конструкцияларига қўйиладиган талаблар, уларни шаҳарсозлик ҳужжатларига киритиш шартлари
Қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бериши керак.
Шаҳарсозлик ҳужжатларида қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларининг хавфсизлик кўрсаткичлари қайд этилади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларида қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари қурилишнинг техник-иқтисодий асослари ҳамда лойиҳа ечимларининг талабларидан келиб чиққан ҳолда танлаб олинади.
34-модда. Шаҳарсозлик фаолиятини суғурта қилиш
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига молиялаштириладиган қурилиш объектлари бўйича қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилиш амалга оширилади.
Бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, машиналар, уларнинг эҳтиёт қисмлари, материаллар ва қурилиш майдонидаги ҳамда суғурта шартномасида белгиланган қурилиш ва монтаж предметидан иборат бўлган бошқа мол-мулк, шунингдек қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда учинчи шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига зарар етказилганлиги учун суғурта қилдирувчининг жавобгарлиги суғурта объектларидир.
Объектларни давлат капитал қўйилмалари ҳисобига барпо этишда қурилиш таваккалчиликларини суғурта қилиш қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилиш харажатлари объект қурилишининг умумий қийматига киритилган ҳолда амалга оширилади. Бошқа манбалар ҳисобига молиялаштириладиган қурилиш объектлари бўйича суғурта қилиш ихтиёрий асосда амалга оширилади.
6-боб. Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги жамоатчилик назорати
35-модда. Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги жамоатчилик назоратининг шакллари
Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги жамоатчилик назорати жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик экспертизаси шаклларида ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда амалга оширилади.
Жамоатчилик назоратининг натижалари бўйича ахборотга оид ва тавсиявий хусусиятга эга бўлган таклифларни ўз ичига олган якуний ҳужжат тайёрланади.
Якуний ҳужжатда баён этилган ахборот, тавсиялар ва таклифлар шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади ҳамда улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинади.
36-модда. Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги жамоатчилик назорати субъектлари ва уларнинг ҳуқуқлари
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек фуқаролар шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги жамоатчилик назорати субъектларидир, бундан жамоатчилик назорати субъектлари буюртмачи сифатида иштирок этган ҳоллар мустасно.
Жамоатчилик назорати субъектлари аҳоли пунктларининг бош режалари тўғрисида ишончли ва ўз вақтида ахборот олиш ҳуқуқига эга.
Жамоатчилик назорати субъектларининг аҳоли пунктлари бош режаларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорларнинг жамоатчилик муҳокамасида ва қабул қилинишида иштирок этиши маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан таъминланади.
Жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун қуйидагилар ташкил этилиши мумкин:
жамоатчилик кузатув комиссиялари;
жамоатчилик эксперт комиссиялари;
жамоатчилик назорати гуруҳлари;
жамоатчилик назоратининг бошқа ташкилий тузилмалари.
Аҳоли пунктларининг бош режаларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорларнинг жамоатчилик муҳокамаси ва қабул қилиниши чоғида жамоатчилик назорати субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
аҳоли пунктларининг бош режаларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорларни муҳокама қилиш, улар юзасидан таклифлар киритиш ва уларни тайёрлашда бошқа шаклда иштирок этиш;
зарур ҳолларда, аҳоли пунктининг бош режаси тасдиқлангунига қадар қонун ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлар ҳисобига уни жамоатчилик экспертизасидан ўтказишни ташкил этиш.
Жамоатчилик назорати субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
37-модда. Аҳоли пунктларининг бош режалари тасдиқланганлиги тўғрисидаги ахборот
Аҳоли пунктларининг бош режалари тасдиқланганлиги тўғрисидаги ахборот жумласига қуйидагилар киради:
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари;
давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳоли пунктлари бош режаларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлари ҳақидаги маълумотлар;
аҳоли пунктларининг бош режалари тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар.
Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари жамоатчилик муҳокамаларининг якуний ҳужжатларини, жамоатчилик экспертизаларининг хулосаларини оммавий ахборот воситаларида ва махсус ваколатли давлат органининг Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтида эълон қилиш, дастурлар ва шаҳарсозлик ҳужжатларини намойиш қилишга доир тадбирлар орқали жамоатчилик назорати субъектларини аҳоли пунктларининг бош режалари тасдиқланганлиги ҳақида тегишли қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан беш кундан кўп бўлмаган муддат ичида хабардор қилиши шарт.
Аҳоли пунктларининг бош режалари тасдиқланганлиги тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тақдим этилади.
38-модда. Аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоатчилик муҳокамаси
Жамоатчилик назорати субъектлари томонидан шаҳарсозлик ҳужжатларининг юридик ва жисмоний шахслар, жамият ва давлат манфаатларига мувофиқлиги юзасидан муҳокама қилиниши аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоатчилик муҳокамасидир.
Аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоатчилик муҳокамаси қуйидаги тартибда ўтказилади:
1) муҳокама бошланишидан ўн кун аввал жамоатчилик назорати субъектларини жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш муддатлари ва тартиби билан аҳоли пунктининг бош режаси тўғрисидаги ахборотни тақдим этган ҳолда таништириш. Жамоатчилик назорати субъектларини таништириш:
оммавий ахборот воситаларида ва махсус ваколатли давлат органининг Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтида тегишли эълонлар бериш;
корхоналарнинг, муассасаларнинг ва ташкилотларнинг биноларида, жамоат жойларида, тахмин қилинаётган қурилиш майдончаси ҳудудида баннерлар (плакатлар) ва ташқи реклама воситаларини ўрнатиш;
экспозициялар ташкил этиш;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа шакллардан фойдаланиш орқали амалга оширилади;
2) жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш, аҳоли пунктининг бош режасига оид фикрларни тўплаш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа шакллар.
Аҳоли пункти бош режасининг жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш давомийлиги камида ўн беш кундан иборат бўлиши керак;
3) билдирилган мулоҳазаларни қайд этиш (сўровномалар, аудиовидеоёзув, келишиб олиш варақаси, иштирокчиларнинг ёзма таклифлари, жамоатчилик муҳокамаси йиғилишининг баённомаси);
4) жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича хулосанинг муҳокама якунланганидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай жамоатчилик назорати субъектлари томонидан оммавий ахборот воситаларида ва махсус ваколатли давлат органининг Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтида эълон қилиниши.
Аҳоли пунктларининг бош режалари жамоатчилик муҳокамаси натижалари ҳисобга олинган ҳолда тасдиқланади.
Аҳоли пункти бош режасининг ўтказилган жамоатчилик муҳокамаси материаллари бош режа амал қиладиган бутун муддат мобайнида буюртмачида ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органида сақланади.
39-модда. Аҳоли пункти бош режасининг жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш тартибининг бузилишлари устидан шикоят бериш
Аҳоли пункти бош режасининг жамоатчилик муҳокамасини ўтказишнинг ушбу Кодекснинг 38-моддасида белгиланган тартиби бузилишлари аниқланганда, жамоатчилик назорати субъектлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ шикоят беришга ҳақли.
Жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш тартиби бузилганлиги тўғрисидаги шикоят маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан асосли деб топилган тақдирда такрорий муҳокама ўтказилади.
Аҳоли пунктларининг бош режаларини тасдиқлаш тўғрисида жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган қарор устидан судга шикоят берилиши мумкин.
40-модда. Аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоатчилик экспертизаси
Аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоатчилик экспертизаси ушбу режаларнинг юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига мувофиқлиги юзасидан ўрганилишини ҳамда баҳоланишини назарда тутади.
Аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоатчилик экспертизаси жамоатчилик назорати субъектларининг ташаббусига кўра ва жамоатчилик муҳокамасини ўтказувчи шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви органларига жамоатчилик экспертизасини ўтказиш заруратини асослаган ҳолда берган аризаси асосида ўтказилади.
Аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоатчилик экспертизасини ўтказишга доир ариза жамоатчилик муҳокамаси ўтказилганидан кейин ўн беш кун ичида шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинади.
Жамоатчилик экспертизаси жамоатчилик асосида, жамоатчилик назорати субъектларининг маблағлари, ҳомийлик маблағлари ёки қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоатчилик экспертизаси натижалари бўйича якуний ҳужжат тайёрланиб, у шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви органига ва буюртмачига тақдим этилади.
Аҳоли пунктлари бош режаларининг буюртмачилари аҳоли пунктлари бош режалари жамоатчилик экспертизасининг якуний ҳужжатига доир жавобларни ушбу ҳужжатни тасдиқлаш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилувчи шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви органига тақдим этади.
Аҳоли пунктларининг бош режаларини тасдиқлаш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилувчи шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви органи ўтказилган жамоатчилик муҳокамаси натижалари билан бир қаторда жамоатчилик экспертизасининг якуний ҳужжатида келтирилган тавсияларни ҳисобга олади.
41-модда. Жамоатчилик назорати субъектлари томонидан аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифлар киритилиши
Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида таклифлар бериш ҳуқуқи ўз қонуний манфаатларига дахл қилинаётган жамоатчилик назорати субъектларига тақдим этилади.
Жамоатчилик назорати субъектларининг аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифлари фақат уни амалга ошириш бошлангунига қадар қабул қилинади.
Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ёзма ёки электрон шаклда берилади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи келиб тушган таклифни ўн беш кун ичида кўриб чиқади. Аҳоли пунктининг бош режасига оид ўзгартиришларнинг жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш зарурати бўлмаган тақдирда, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи аризачиларга жамоатчилик муҳокамасини ўтказишни рад этишга доир асослантирилган жавоб юборади.
42-модда. Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш
Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифлар эксперт баҳолаш натижалари олинганидан кейин ўн беш кунлик муддатда буюртмачилар томонидан аризачи ёки унинг ваколатли вакили иштирокида кўриб чиқилади.
Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни эксперт баҳолаш буюртмачи маблағлари ҳисобидан тегишли ташкилотларни жалб этган ҳолда ўтказилади.
Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш ишлаб чиқувчи томонидан буюртмачининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
43-модда. Аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш тартиби
Аҳоли пунктининг муқобил бош режаси аҳоли пунктининг таклиф этилган бош режасидан норози бўлган жамоатчилик назорати субъектларининг ташаббусига кўра ва уларнинг маблағлари ҳисобидан бажариладиган лойиҳавий, илмий ишланмадан иборат.
Аҳоли пункти муқобил бош режасининг ташаббускори маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органига ўз аҳоли пунктининг бош режасини муқобил бош режа деб топиш тўғрисида ёзма ариза билан мурожаат қилади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи ёзма аризани олганидан кейин аҳоли пункти бош режасининг тайёрлик даражасини ҳисобга олган ҳолда, уни муқобил бош режа деб топиш ҳамда жамоатчилик экспертизасига ва жамоатчилик муҳокамаларига тақдим этиш ёки уни асосланган ҳолда рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Аҳоли пунктининг бош режасини муқобил бош режа деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан ушбу Кодекснинг 39-моддасида назарда тутилган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш, экспертиза қилиш, келишиб олиш ва унинг жамоатчилик муҳокамаси ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Аҳоли пунктининг бош режаси муқобил бош режа деб топилган тақдирда, ташаббускорга уни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни ушбу бош режанинг буюртмачиси томонидан қопланади.
7-боб. Шаҳарсозлик ҳужжатлари. Давлат шаҳарсозлик кадастри
44-модда. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби
Шаҳарсозлик ҳужжатлари таркибига қуйидагилар киради:
1) Ўзбекистон Республикасининг ҳудудини ва ҳудудининг қисмларини ривожлантиришни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштириш бош тарҳи;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг икки ва ундан ортиқ вилоят ҳудудларини ўз ичига олган қисмларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳлари (бундан буён матнда шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштиришнинг бириктирма тарҳлари деб юритилади);
Ўзбекистон Республикаси ҳудудини режалаштириш тарҳи;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳлари;
2) Ўзбекистон Республикасининг вилоятлари ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар:
вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини режалаштириш тарҳлари;
туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаси;
3) аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш тўғрисидаги ҳужжатлар:
аҳоли пунктларининг бош режалари;
аҳоли пунктлари чегара чизиқларининг лойиҳалари;
аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳлари;
аҳоли пунктларининг ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш тарҳлари;
4) аҳоли пунктларининг ҳудудларини қуриш тўғрисидаги ҳужжатлар:
батафсил режалаштириш лойиҳаси;
қуриш лойиҳаси;
5) шаҳарсозлик фаолияти объектларининг қурилиши учун лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари:
қурилишнинг техник-иқтисодий асоси;
қурилишнинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари;
лойиҳа ҳужжатлари (ишчи лойиҳа, лойиҳа-смета ҳужжатлари, ишчи ҳужжатлар).
Қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик ҳужжатлари таркибига шаҳарсозлик ҳужжатларининг бошқа турлари ҳам кириши мумкин.
45-модда. Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиб олиш ва тасдиқлаш
Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлаб чиқувчилар томонидан шартнома, буюртмачи томонидан бериладиган лойиҳалаштириш топшириғи, бошланғич-рухсат берувчи ҳужжатлар ва муҳандислик-техник қидирувлар натижалари асосида амалга оширилади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишга доир топшириқлар қуйидагилар билан келишиб олиниши лозим:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан — ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ижро этувчи ҳокимият органлари, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар билан — ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича;
туманлар ва шаҳарлар ижро этувчи ҳокимият органлари билан — ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 2 — 4-бандларида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича;
махсус ваколатли давлат органи билан — ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 1 — 3-бандларида, 4-бандида (уларнинг ишлаб чиқилиши бюджет тизимининг бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилганда), 5-бандида (бюджет тизимининг бюджетлар маблағлари ҳамда ҳукумат кафолати остида молиялаштириладиган ноёб ва алоҳида муҳим давлат аҳамиятига молик объектлар бўйича) назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича;
махсус ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлинмалари билан — ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 4-5-бандларида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича (уларнинг ишлаб чиқилиши бюджет тизимининг бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилганда).
Шаҳарсозлик ҳужжатлари қуйидагилар билан келишиб олиниши лозим:
ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 1 — 3-бандларида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан;
ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 2 — 4-бандларида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини келишиб олиш муддати бир ойдан ошмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган шаҳарсозлик ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишиб олиниши лозим.
Ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари санитария-эпидемиология хизматлари ва давлат ёнғин назорати органлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари билан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса улар ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари билан келишилади.
Шаҳарсозлик ҳужжатлари ушбу Кодексда белгиланган ваколатларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, махсус ваколатли давлат органи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, буюртмачи томонидан тасдиқланади.
Тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига ўзгартиришлар ушбу ҳужжатларни тасдиқлаган органнинг ёки буюртмачининг қарорига биноан киритилади.
46-модда. Шаҳарсозлик ҳужжатларини рўёбга чиқариш
Ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 1 — 4-бандларида кўрсатилган шаҳарсозлик ҳужжатларини рўёбга чиқариш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ишлаб чиқиладиган тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурлар асосида амалга оширилади.
Тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органларининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланади.
Тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурлар бажарилишининг бориши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг мажлисларида кўриб чиқилиши ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритилиши лозим.
47-модда. Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришдаги тақиқлар ва чекловлар
Ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида кўрсатилган шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширишда қуйидагилар тақиқланади:
молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, объектларни шаҳарсозлик ҳужжатларини бир вақтнинг ўзида (параллел равишда) ишлаб чиққан ҳолда қуриш ва реконструкция қилиш;
қурилишнинг боришига ва тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш жараёнига тегишли ваколатларга эга бўлмаган шахсларнинг аралашиши;
шаҳарлар ва шаҳарчаларда қурилиши тугалланган мавзелар, кўп қаватли турар жой кичик даҳаларининг (даҳаларнинг) ҳудудида аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларида назарда тутилмаган ишлаб чиқариш, савдо, умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш ҳамда бозор инфратузилмасининг алоҳида турган объектларини жойлаштириш, лойиҳалаштириш ва қуриш;
кўп қаватли уйларни қуриш учун мўлжалланмаган ер участкаларида бундай турдаги қурилишларни амалга ошириш;
шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини ўтказмай қурилаётган ва мавжуд бино ва иншоотларнинг, шу жумладан икки қаватдан юқори бўлган якка тартибдаги уй-жойларнинг қаватлари сонини кўпайтириш (устки қават қуриш);
умумий фойдаланиладиган кўкаламзорлар ҳудудлари ва объектларида қурилиш объектларини (шаҳар ўрмонлари, ўрмон-боғлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар, боғлар, сайилгоҳлар) жойлаштириш, бундан ободонлаштириш, муҳандислик инфратузилмаси ва метрополитен объектлари мустасно.
Объектларни бир вақтнинг ўзида (параллел равишда) лойиҳалаштирган ҳолда қуриш мудофаа қобилияти ва давлат хавфсизлигини, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар, табиий ва экологик офатларнинг оқибатларини бартараф этиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ истисно ҳолларда, молиялаштириш манбалари мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан амалга оширилиши мумкин.
48-модда. Давлат шаҳарсозлик кадастри
Давлат шаҳарсозлик кадастри Давлат кадастрларининг ягона тизимига киради.
Давлат шаҳарсозлик кадастри:
муҳандислик-техник қидирувларнинг электрон геофондини;
ҳудудларнинг, кўчмас мулк объектларининг, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилманинг манзилли реестрларини;
ҳудудларни ривожлантириш ва қуришни режалаштириш тўғрисидаги тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари ҳақидаги маълумотларни;
ҳудудларни ҳамда шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича шаҳарсозлик регламентлари тўғрисидаги маълумотларни;
лойиҳалар, шаҳарсозлик фаолияти объектлари ва субъектлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.
Давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш махсус ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
8-боб. Ҳудудларни ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш
49-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштириш бош тарҳи
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштириш бош тарҳида қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳа ечимлари белгиланади:
аҳолини жойлаштириш тизимларини, табиатдан фойдаланишни ва ишлаб чиқариш кучларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозларига мувофиқ ривожлантиришнинг асосий қоидалари;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларида экологик вазиятни яхшилаш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, маданий мерос объектлари ҳудудларини сақлаш, умумдавлат аҳамиятига молик муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш чора-тадбирлари;
аҳолини жойлаштириш тизимларини ривожлантириш учун қулай ҳудудлар;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар;
қишлоқ хўжалигига ва ўрмон хўжалигига мўлжалланган ҳудудлар;
экстремал табиий-иқлим шароитларига эга бўлган ҳудудлар;
табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсирига дучор бўлган ҳудудлар;
фойдали қазилмалар жойлашган ҳудудлар;
ўзига нисбатан шаҳарсозлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш режимлари ва шаҳарсозлик жиҳатидан фойдаланишнинг бошқа турлари ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун мазкур ҳудудлардан фойдаланишга доир чекловлар белгиланган ҳудудлар;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришга доир бошқа лойиҳа ечимлари.
50-модда. Шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштиришнинг бириктирма тарҳлари
Шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштиришнинг бириктирма тарҳларида қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳа ечимлари белгиланади:
ҳудуднинг зоналаштирилиши;
аҳолини жойлаштиришнинг ҳудудий тизимларини ривожлантириш чора-тадбирлари;
вилоятлараро аҳамиятга молик муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш чора-тадбирлари;
табиатдан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари;
ҳудудни комплекс ривожлантириш мақсадида ресурслар билан таъминлаш чора-тадбирлари;
ҳудудни ривожлантиришга доир бошқа лойиҳа ечимлари.
51-модда. Ўзбекистон Республикаси, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини режалаштириш тарҳлари
Ўзбекистон Республикаси, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини режалаштириш тарҳларида қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳа ечимлари белгиланади:
ҳудудларнинг зоналаштирилиши;
аҳолини жойлаштириш тизимларини такомиллаштиришнинг, аҳоли пунктларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари;
саноатни, қишлоқ хўжалигини, вилоятлараро ҳамда аҳоли пунктлариаро аҳамиятга молик муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари;
аҳоли пунктларининг ва шаҳарлар шаҳар атрофи зоналарининг чегаралари;
шаҳарсозлик воситалари орқали Ўзбекистон Республикаси, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини табиий ҳамда техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсиридан муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни яхшилаш, маданий мерос объектлари ҳудудларини сақлаш чора-тадбирлари;
Ўзбекистон Республикаси, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини ривожлантиришга доир бошқа лойиҳа ечимлари.
52-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳлари
Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳларида:
энергия таъминотини, газ таъминотини, алоқани, ирригацияни, сув таъминотини ва канализация тармоқларини ривожлантириш;
ҳаво, темир йўл, автомобиль, дарё транспортини, қувур орқали етказиб бериш транспортини ва бошқа транспорт турларини ривожлантириш;
ҳудудларни хавфли геологик ва гидрогеологик жараёнлардан ҳимоя қилиш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
иқтисодиёт тармоқларининг ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришнинг бошқа масалалари бўйича асосий кўрсаткичлар ва режалаштириш ечимлари белгиланади.
53-модда. Туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳалари
Туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларида қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳа ечимлар белгиланади:
туман (туманлар гуруҳлари) ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларини, табиий-иқлим шароитларини ҳамда аҳоли сони прогнозини инобатга олган ҳолда ривожлантиришнинг асосий йўналишлари;
ҳудуднинг зоналаштирилиши ва режали тузилиши;
туман (туманлар гуруҳлари) ҳудудини табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсиридан муҳофаза қилиш чора-тадбирлари;
аҳоли пунктлариаро аҳамиятга молик муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш йўналишлари;
аҳоли пунктларини ривожлантириш учун захира ҳудудлар;
якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини жойлаштириш учун ҳудудлар, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун ер участкалари;
аҳолининг дам олиш жойларини ташкил этиш учун ҳудудлар;
аҳоли пунктларининг ва шаҳарлар шаҳар атрофи зоналарининг чегаралари;
туман (туманлар гуруҳлари) ҳудудини ривожлантиришга доир бошқа лойиҳа ечимлари.
54-модда. Аҳоли пунктининг бош режаси
Аҳоли пунктининг бош режасида қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳа ечимлари белгиланади:
аҳоли пункти ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларини, табиий-иқлим шароитларини ҳамда аҳоли сони прогнозини инобатга олган ҳолда ривожлантиришнинг асосий йўналишлари;
ҳудудларнинг зоналаштирилиши ва уларни қуриш навбати;
аҳоли пункти ҳудудини табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсиридан муҳофаза қилиш, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш чора-тадбирлари;
аҳоли пунктининг қурилган ва қурилмаган ҳудуди нисбати;
аҳоли пунктини ривожлантириш учун захира ҳудудлар;
аҳоли пунктининг чегаралари;
аҳоли пункти ҳудудини ривожлантиришга доир бошқа лойиҳа ечимлари.
Шаҳарнинг бош режаси ва шаҳар атрофи зонасини режалаштириш лойиҳаси чегарадош ҳудудларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги келишув асосида ягона ҳужжат сифатида ишлаб чиқилиши мумкин.
Ўртача ва кичик шаҳарчаларнинг, шунингдек қишлоқлар ва овулларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан бирга ягона ҳужжат сифатида қўшиб бажарилиши мумкин.
Ҳудудида маданий мерос объектлари бўлган аҳоли пунктининг бош режаси ишлаб чиқилаётганда аҳоли пунктининг тарихий-архитектура режаси ва маданий мерос объектларининг муҳофаза зоналари инобатга олинади.
Аҳоли пунктининг бош режаси йигирма — йигирма беш йиллик ҳисоб-китоб муддатига мўлжалланиб ишлаб чиқилади. Аҳоли пунктининг бош режаси у тўлиқ амалга оширилгунига қадар ёки янги бош режа тасдиқлангунига қадар амал қилади.
Аҳоли пунктининг бош режаси мавжуд бўлмаганда ёки унинг янги бош режаси ишлаб чиқилаётган даврда аҳоли пункти ҳудудида жорий қурилиш учун ер участкаси ажратиш билан боғлиқ масалалар туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари билан келишиб олинади.
Аҳоли пунктининг янги бош режаси ишлаб чиқилаётган даврда давлат аҳамиятига молик объектларни қуриш учун ер участкаларини ажратишга доир материаллар ишлаб чиқувчилар билан қўшимча равишда келишиб олиниши лозим.
Аҳоли пунктлари ҳудудида объектларни бош режасиз ва бошқа зарур шаҳарсозлик ҳужжатларисиз лойиҳалаштириш ҳамда қуриш тақиқланади.
55-модда. Аҳоли пунктларининг чегара чизиқлари лойиҳалари
Аҳоли пунктларининг чегара чизиқлари лойиҳалари ҳудудларни режалаштириш тарҳлари, туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳалари ва аҳоли пунктларининг бош режалари асосида ишлаб чиқилади.
Кичик шаҳарларнинг, шунингдек шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг чегара чизиқлари лойиҳалари мазкур аҳоли пунктларининг бош режалари таркибида ишлаб чиқилиши мумкин.
56-модда. Аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳлари
Аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳларида:
энергия таъминотини, газ таъминотини, алоқани, ирригацияни, сув таъминотини ва канализация тармоқларини ривожлантириш;
транспорт турларини ривожлантириш;
иқтисодиёт тармоқларининг объектларини жойлаштириш;
ҳудудларни хавфли геологик ва гидрогеологик жараёнлардан ҳимоя қилиш;
аҳолининг фуқаро муҳофазаси;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш;
ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;
ҳудудларни ривожлантиришнинг бошқа масалалари бўйича асосий кўрсаткичлар ҳамда режалаштириш ечимлари белгиланади.
57-модда. Батафсил режалаштириш лойиҳалари
Батафсил режалаштириш лойиҳалари аҳоли пунктининг бош режаси асосида аҳоли пунктлари ҳудудларининг қисмлари учун ишлаб чиқилади ва бу лойиҳалар:
қизил чизиқларни;
ер участкаларини қуриш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш чизиқларини;
ерга эгалик қилиш, ердан фойдаланиш ва мулкдорларнинг ер участкалари чегараларини;
ҳудудларнинг зоналаштирилишини ва уларни қуриш навбатини;
муҳофаза зоналаридан фойдаланиш режимини;
кўчалар, тор кўчалар, пиёдаларга ажратилган зоналарнинг, шунингдек транспорт, алоқа иншоотлари ва коммуникацияларининг, муҳандислик ускуналарининг ҳамда ҳудудни ободонлаштиришнинг кўрсаткичларини;
ижтимоий ва маданий-маиший объектларнинг таркиби ҳамда жойлашувини;
қуришнинг ҳажмий-ҳудудий ва архитектура-режалаштириш ечимини, қуриш зичлиги ва кўрсаткичларини, бинолар ва иншоотларнинг неча қаватлилигини, турларини белгилайди.
Батафсил режалаштириш лойиҳаси ҳудудларни қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун асос бўлади.
58-модда. Ҳудудларни қуриш лойиҳалари
Ҳудудларни қуриш лойиҳалари белгиланган қизил чизиқлар чегараларида ёки ер участкалари чегараларида батафсил режалаштиришнинг тасдиқланган лойиҳаси асосида ишлаб чиқилади.
Ҳудудларни қуриш лойиҳаларида:
қуришни тартибга солиш чизиқлари;
бинолар ва иншоотларнинг жойлашуви, қаватлари сони, тури ҳамда бошқа тавсифлари;
қуришнинг архитектура ечими;
муҳандислик ускуналари, алоқа ва ободонлаштириш тизимлари, шунингдек мазкур тизимларни ер участкалари, массивлар, мавзелар, кичик даҳалар ва аҳоли пунктларини режалаштириш тузилмасининг бошқа элементлари доирасидан ташқаридаги муҳандислик ускуналари, алоқа ҳамда ободонлаштириш тизимларининг иншоотлари ва коммуникацияларига улаш шартлари;
транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатининг ташкил этилиши;
умумий фойдаланишдаги ҳудудлар белгиланади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудларни қуриш лойиҳаларига ушбу Кодексга, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид бўлмаган, маҳаллий шароитларга мувофиқ қўшимча талабларни, шу жумладан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш зоналарида лойиҳалаштириш ва қурилишга, ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга, кичик шаклдаги архитектура объектларини, рекламаларни, пешлавҳаларни ва бошқа ахборотни жойлаштиришга доир талабларни киритишга ҳақли.
59-модда. Лойиҳаолди ҳужжатлари
Лойиҳаолди ҳужжатлари қуйидагилардан иборат:
техник-иқтисодий асос;
техник-иқтисодий ҳисоб-китоб.
Техник-иқтисодий асос ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб лойиҳанинг умуман энг юқори қийматини ва молиялаштириш эҳтиёжи ҳажмини лойиҳаларни молиялаштиришнинг ишлаб чиқилган дастлабки шартларини ҳисобга олган ҳолда белгилайдиган вариантларни кўриб чиқиш асосида лойиҳани амалга оширишнинг энг самарали техник-технологик ва ташкилий ечимини танлашни асослаб берувчи ҳужжатдир.
60-модда. Лойиҳа ҳужжатлари
Лойиҳа ҳужжатлари қуйидагилардан иборат:
ишчи лойиҳа;
лойиҳа-смета ҳужжатлари;
ишчи ҳужжатлар.
Лойиҳа ҳужжатлари ҳажмий-режали, амалий ва техникавий ечимларни, биноларни, иншоотларни ва уларнинг мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлашнинг, шунингдек ободонлаштириш ишларининг қийматини белгилайди.
Лойиҳа ҳужжатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилади, махсус ваколатли давлат органининг тегишли ҳудудий бўлинмалари, санитария-эпидемиология хизматлари, давлат ёнғин назорати органлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа хизматлар билан келишилади.
Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, молиялаштириш, тасдиқлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаш, шунингдек уларга ўзгартиришлар киритиш буюртмачининг ташаббусига кўра ҳамда унинг ҳисобидан амалга оширилади.
Объектлар қурилиши тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
9-боб. Аҳоли пунктлари ва шаҳар атрофи зоналари ҳудудларидан фойдаланиш
61-модда. Қуриш қоидалари
Қуриш қоидалари тегишли ҳудудларда ва аҳоли пунктларида шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.
Қуриш қоидалари энергияни тежовчи, экологик хавфсиз, ижтимоий фойдали технологияларни қўллаш ва ривожлантиришни рағбатлантириши ва бунинг учун имконият яратиши керак.
Қуриш қоидалари ҳудудни режалаштириш тарҳи ва туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳалари, аҳоли пунктининг бош режаси ҳамда ҳар бир ҳудуднинг шаҳарсозлик регламентлари асосида ишлаб чиқилади.
Қуриш қоидалари жорий этилгунга қадар берилган объектларни қуриш учун рухсат берувчи ҳужжатлар ҳақиқий ҳисобланади, бундан аҳоли хавфсизлиги талаблари таъминланмаётган ҳоллар мустасно.
62-модда. Ҳудудларнинг зоналаштирилиши
Ҳудудларнинг зоналаштирилиши қулай ҳаёт фаолияти муҳитини таъминлашга, ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсиридан муҳофаза қилишга, аҳоли ҳамда ишлаб чиқариш ҳаддан ташқари зич жойлашишининг, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишга ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан фойдаланишга, шунингдек маданий мерос объектларини, қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмонзорларни муҳофаза қилишга қаратилган.
Ҳудудлардан шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланишга доир чекловлар:
маданий мерос объектларининг муҳофаза зоналарида, қўриқхона зоналарида;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар зоналарида;
санитария зоналарида;
муҳофаза зоналарида;
санитария-муҳофаза зоналарида;
фойдали қазилмалар жойлашган зоналарда;
табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларнинг таъсирига дучор бўлган зоналарда;
фавқулодда экологик вазиятлар ва экологик фалокат зоналарида;
алоҳида (экстремал) табиий-иқлим шароитли зоналарда белгиланади.
Ҳудудлардан шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланишга доир чекловлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа зоналарда ҳам белгиланиши мумкин.
Ҳудудларнинг функционал мақсади ва улардан фойдаланиш жадаллиги ҳудудлардан фойдаланишга доир чекловлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Аҳоли пункти ҳудудининг функционал зоналаштирилишини белгиловчи шаҳарсозлик ҳужжатлари юридик ва жисмоний шахсларнинг, жамият ва давлатнинг манфаатларидан, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, инвестициялар жалб қилиш, рекреация ва маданий зоналарни шакллантириш заруратидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилиши лозим.
63-модда. Аҳоли пунктларининг ҳудудий зоналари
Аҳоли пунктларининг ҳудудларида қуйидаги ҳудудий зоналар белгиланиши мумкин:
турар жой зоналари;
ижтимоий-амалий зоналар;
ишлаб чиқариш зоналари;
муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар зоналари;
рекреация зоналари;
қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган зоналар;
махсус мақсадларга мўлжалланган зоналар;
ҳарбий объектлар ва бошқа режимли ҳудудлар зоналари;
шаҳар атрофи зоналари.
Маҳаллий шароитларга мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бошқа ҳудудий зоналарни белгилаши, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ҳисобга олган ҳолда уларга ер участкаларини ҳамда бошқа объектларни киритиши мумкин.
Аҳоли пунктлари ҳудудий зоналарининг чегаралари қизил чизиқлар, табиий объектларнинг табиий чегаралари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкалари чегаралари инобатга олинган ҳолда белгиланади.
Ҳар бир ҳудудий зона учун шаҳарсозлик регламенти билан белгиланган ҳуқуқий режим унда жойлашган барча ер участкаларига, биноларга, иншоотларга ва уларнинг мажмуаларига нисбатан бир хил қўлланилади.
Чегараларида шаҳарсозлик фаолияти алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган ҳудудий зоналарда айрим биноларни, иншоотларни ҳамда уларнинг мажмуаларини лойиҳалаштириш ва қуришга нисбатан қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.
64-модда. Турар жой зоналари
Турар жой зоналари кўп қаватли уйлар, ўртача ва кам қаватли уйлар, якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун мўлжалланган.
Турар жой зоналари жумласига жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун ажратилган, аҳоли пунктларининг чегаралари доирасида жойлашган ҳудудлар ҳам киради.
Турар жой зоналарида санитария-ҳимоя зоналарини белгилаш талаб этилмайдиган ҳамда фаолияти атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатмайдиган (шовқин, тебраниш, магнит майдонлари, радиация таъсири, тупроқ, ҳаво, сувнинг ифлосланиши ва бошқа зарарли таъсирлар), алоҳида турган, биргаликда қурилган, биргаликда-қўшимча қилиб қурилган ёки қўшимча қилиб қурилган ижтимоий ва маданий-маиший объектларни, ибодатхоналарни, автомобиль транспорти тураргоҳларини, саноат, коммунал ва омборхона объектларини жойлаштиришга йўл қўйилади.
Турар жой зоналарида юздан ортиқ ўтириш жойи бўлган умумий овқатланиш корхоналарини, кино-видеофильмлар намойиш қилинадиган стационар ва вақтинчалик павильонларни, очиқ турдаги ёзги саҳналарни, кинотеатрларни ва рақс майдончаларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
65-модда. Ижтимоий-амалий зоналар
Ижтимоий-амалий зоналар амалий, молиявий, ижтимоий фаоллик марказларини, соғлиқни сақлаш, маданият, савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш объектларини, давлат таълим муассасаларини ва нодавлат таълим ташкилотларини, маъмурий, илмий-тадқиқот муассасаларини, ибодатхоналар ва иншоотларни, ижтимоий соҳа объектларини, шунингдек автомобиль транспорти тураргоҳларини жойлаштириш учун мўлжалланган.
Ижтимоий-амалий зоналарга жойлаштириш учун рухсат этилган объектлар рўйхатига уйлар, меҳмонхоналар, ер ости гаражлари ёки кўп қаватли гаражлар киритилиши мумкин.
66-модда. Ишлаб чиқариш зоналари
Ишлаб чиқариш зоналарида уларнинг иш олиб боришини таъминлайдиган саноат, коммунал, омборхона объектлари, муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар объектлари жойлаштирилади, шунингдек бундай объектларнинг санитария-муҳофаза зоналари белгиланади.
Саноат, коммунал ва омборхона объектларининг санитария-муҳофаза зонасида уйлар, давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш, дам олиш объектлари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт иншоотлари, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун ер участкалари жойлаштирилишига, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилишига йўл қўйилмайди.
Ишлаб чиқариш зоналарининг ҳудудларини ободонлаштириш шу зоналарда жойлашган объектларнинг мулкдорлари томонидан амалга оширилади.
67-модда. Муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар зоналари
Муҳандислик ва транспортга оид инфратузилмалар зоналари ҳаво, темир йўл, автомобиль, дарё транспорти ва қувур орқали етказиб бериш транспорти, алоқа иншоотлари ҳамда коммуникацияларини ва муҳандислик ускуналарини жойлаштириш ҳамда уларнинг ишлаб туриши учун мўлжалланган.
Қулай ҳаёт фаолияти муҳитига транспорт, алоқа иншоотлари, коммуникациялари ҳамда муҳандислик ускуналари зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олиш бундай объектлардан то турар жойлар, ижтимоий-амалий, рекреация зоналари ҳудудларига қадар зарур масофа бўлишига, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, қуришнинг махсус нормативлари ҳамда қоидалари талабларига риоя этилиши орқали таъминланади.
Транспорт, алоқа иншоотлари ва коммуникацияларининг, муҳандислик ускуналарининг ер участкалари, шунингдек уларнинг санитария-муҳофаза зоналари чегараларидаги ҳудудлар ушбу ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва улардан фойдаланувчилар томонидан ободонлаштирилиши лозим.
Фойдаланилиши фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига тўғридан-тўғри зарарли таъсир кўрсатадиган транспорт, алоқа иншоотлари ва коммуникацияларини ҳамда муҳандислик ускуналарини аҳоли пунктлари доирасида жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
68-модда. Рекреация зоналари
Рекреация зоналари туризмни ва аҳолининг оммавий дам олишини ташкил этиш учун мўлжалланган бўлиб, кўкаламзорлар ҳудудлари ва объектлари (шаҳар ўрмонлари, ўрмон-боғлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар, боғлар, сайилгоҳлар), ҳайвонот боғлари, ҳовузлар, пляжлар, соҳилбўйи объектлари ва бошқа объектларни ўз ичига олади.
Рекреация зоналарининг ҳудудларида рекреация-соғломлаштириш мақсадларига мўлжалланган объектлардан фойдаланиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган мавжуд саноат, коммунал, омборхона объектлари қурилишига ва кенгайтирилишига йўл қўйилмайди.
69-модда. Қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган зоналар
Аҳоли пунктларининг чегаралари чизиғи доирасида ҳайдаладиган ерлар, боғлар, токзорлар, полизлар, пичанзорлар, яйловлар ва бошқа ер майдонлари, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бинолар ва иншоотлар эгаллаб турган, қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган зоналар ажратилади. Мазкур зоналарнинг ҳудудларидан фойдаланиш тури аҳоли пунктининг бош режасига ва қуриш қоидаларига мувофиқ ўзгартирилгунига қадар бу ҳудудлардан қишлоқ хўжалигини юритиш мақсадида фойдаланилиши мумкин.
70-модда. Махсус мақсадларга мўлжалланган зоналар
Махсус мақсадларга мўлжалланган зоналар фойдаланилиши аҳоли пунктлари ҳудудий зоналарининг бошқа турларидан фойдаланишга тўғри келмайдиган дафн қилиш жойлари, чорва моллари кўмиладиган жойларни, маиший чиқиндилар ташланадиган ахлатхоналарни ва бошқа объектларни жойлаштириш учун ажратилади.
Махсус мақсадларга мўлжалланган зоналар учун санитария-ҳимоя зоналари ўрнатилади.
Махсус мақсадларга мўлжалланган зоналарнинг ҳудудларидан фойдаланиш тартиби шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг, махсус нормативларнинг ва қуриш қоидаларининг талаблари инобатга олинган ҳолда белгиланади.
71-модда. Ҳарбий объектларнинг ва бошқа режимли ҳудудларнинг зоналари
Ҳарбий объектларнинг ва бошқа режимли ҳудудларнинг зоналари ўзига нисбатан алоҳида режим белгиланадиган объектларни жойлаштириш учун мўлжалланган. Мазкур зоналарнинг ҳудудларидан аҳоли пунктлари чегаралари доирасида фойдаланиш тартиби шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг, махсус нормативларнинг ва қуриш қоидаларининг талаблари инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
72-модда. Шаҳар атрофи зоналари
Шаҳар атрофи зонаси шаҳар чегарасидан ташқаридаги, шаҳар билан ягона ижтимоий, табиий, хўжалик ҳудудини ташкил этувчи, ушбу шаҳар ҳудудини, шаҳар атрофи зонасига кирувчи аҳоли пунктлари ҳудудларини, аҳоли пунктлариаро ҳудудларни (шаҳарни ривожлантириш учун захира ҳудудни) ривожлантириш учун ҳамда саноат, коммунал, омборхона объектларини, муҳандислик, транспортга оид инфратузилмалар объектларини, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун ер участкаларини, аҳоли дам олиш жойларини жойлаштириш учун, шунингдек қишлоқ хўжалигини юритиш ҳамда муҳофаза ва санитария-гигиена вазифаларини бажариш учун мўлжалланган ерларни ўз ичига олади.
Шаҳар атрофи зоналари чегараларини белгилаш ушбу Кодексга ҳамда ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик ва ер тузиш ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
73-модда. Шаҳар атрофи зонаси ҳудудидан фойдаланиш
Шаҳар атрофи зонаси ҳудудидан фойдаланиш ҳамда унинг чегараларидаги шаҳарсозлик фаолияти юридик ва жисмоний шахсларнинг, жамият ва давлатнинг, шаҳар атрофи зонасига кирувчи аҳоли пунктлариаро ҳудудларнинг манфаатлари инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.
Шаҳар атрофи зоналари ҳудудларининг зоналаштирилиши Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини режалаштириш тарҳларида, туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларида, шунингдек шаҳарларнинг ўз шаҳар атрофи зоналари билан биргаликда ишлаб чиқиладиган бош режаларида белгиланади.
Шаҳар атрофи зоналарида санитария-ҳимоя ва рекреация вазифаларини бажарадиган ҳудудлар ажратилади. Ушбу ҳудудларда атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатадиган хўжалик фаолияти ва бошқа хилдаги фаолият тақиқланади.
Шаҳар атрофи зонаси чегаралари доирасида биноларни, иншоотларни ҳамда уларнинг мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ва кенгайтириш шаҳарнинг ижро этувчи ҳокимият органи билан келишган ҳолда амалга оширилади.
10-боб. Шаҳарсозлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш
74-модда. Шаҳарсозлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш
Агар ҳудуддан фойдаланишнинг махсус қоидаларини жорий этмай туриб, шаҳарсозлик соҳасида юридик ва жисмоний шахсларнинг, жамият ва давлатнинг манфаатларини таъминлаш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса, шаҳарсозлик фаолияти алоҳида тартибга солиниши лозим.
Шаҳарсозлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш:
ҳудудлардан фойдаланишнинг махсус қоидаларини жорий этиш;
махсус шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини жорий этиш;
шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг, тасдиқлашнинг ва амалга оширишнинг алоҳида тартибини жорий этиш;
ҳудудларни ва аҳоли пунктларини зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш бўйича махсус тарҳлар ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун махсус рухсатномалар бериш йўли билан амалга оширилади.
75-модда. Алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган шаҳарсозлик фаолияти объектлари
Алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган шаҳарсозлик фаолияти объектлари умумдавлат ёки маҳаллий аҳамиятга молик бўлиши мумкин.
Шаҳарсозлик фаолияти қуйидаги ҳолларда алоҳида тартибга солиниши лозим, агар:
ҳудудлар ҳамда аҳоли пунктлари табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсирига дучор бўлган бўлса;
ҳудудлар йўл қўйиладиган энг юқори концентрациялардан ортиқча кимёвий ва биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар, йўл қўйиладиган энг юқори даражалардан ортиқча миқдорларда радиоактив моддалар билан ифлосланган бўлса;
шаҳарсозлик фаолияти муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда амалга оширилаётган бўлса.
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектлари жумласига қуйидагилар ҳам киритилиши мумкин:
муҳофаза этиладиган ноёб ландшафтларга эга ҳудудлар;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар;
курорт учун мўлжалланган ҳудудлар;
рекреация учун мўлжалланган ҳудудлар;
махсус иқтисодий зоналарнинг ҳудудлари;
кичик саноат зоналарининг ҳудудлари;
сув ресурсларининг муҳофаза зоналари;
Тошкент шаҳри ҳудуди;
Нукус шаҳри ҳудуди;
вилоятларнинг маъмурий марказлари бўлган шаҳарлар ҳудудлари;
Тошкент ва Нукус шаҳарларига, вилоятлар ва туманларнинг маъмурий марказларига туташ зоналар;
маданий мерос объектлари мавжуд бўлган аҳоли пунктлари;
курорт аҳоли пунктлари;
қўриқхона аҳоли пунктлари;
туристик салоҳиятига эга бўлган аҳоли пунктлари;
алоҳида (экстремал) табиий-иқлим шароитларига эга бўлган аҳоли пунктлари;
ҳаёт фаолиятининг алоҳида режими белгиланган аҳоли пунктлари (ҳарбий объектлар ва бошқа режимли ҳудудлар, давлат қўриқхоналарининг ҳудудида ҳамда бошқа қўриқланадиган табиий ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари).
76-модда. Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларини умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик объектлар жумласига киритиш ҳамда уларнинг чегараларини белгилаш
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларини умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан:
табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсирига дучор бўлган ҳудудларда — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органлари маълумотлари асосидаги тақдимномасига кўра;
йўл қўйиладиган энг юқори концентрациялардан ортиқча кимёвий ва (ёки) биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар билан, йўл қўйиладиган энг юқори даражалардан ортиқча радиоактив моддалар билан ифлосланган ҳудудларда — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг тақдимномаларига кўра;
Тошкент шаҳри ҳудудида — Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳамда Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органининг тақдимномаларига кўра;
моддий маданий мерос объектлари мавжуд бўлган шаҳарлар ҳудудларида — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг тақдимномаларига кўра;
курорт шаҳарлар ҳудудларида — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг тақдимномаларига кўра;
қўриқхона шаҳарлар ҳудудларида — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг тақдимномаларига кўра;
ҳаёт фаолиятининг алоҳида режимига эга бўлган аҳоли пунктлари (ҳарбий объектлар, бошқа режимли ҳудудлар, давлат қўриқхоналаридаги ва бошқа қўриқланадиган табиий ҳудудлардаги аҳоли пунктлари) ҳудудларида — манфаатдор вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг, идораларнинг тақдимномаларига кўра;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда — манфаатдор вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг ва идораларнинг тақдимномасига кўра амалга оширилади.
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларини маҳаллий аҳамиятга молик (умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритилмаган) объектлар жумласига киритиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан:
табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсирига дучор бўлган ҳудудларда — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органларининг тақдимномаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан келишилган ҳолда;
йўл қўйиладиган энг юқори концентрациялардан ортиқча кимёвий ва (ёки) биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар билан, йўл қўйиладиган энг юқори даражалардан ортиқча радиоактив моддалар билан ифлосланган ҳудудларда — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органларининг тақдимномаларига кўра ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларини маҳаллий аҳамиятга молик (умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритилмаган) объектлар жумласига киритиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан:
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда — Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан келишилган ҳолда;
ҳаёт фаолиятининг алоҳида режимига эга бўлган аҳоли пунктлари (ҳарбий объектлар, бошқа режимли ҳудудлар, давлат қўриқхоналари ҳудудларида ва қўриқланадиган бошқа табиий ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари) ҳудудларида — манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан келишилган ҳолда;
Нукус шаҳри ҳамда вилоятларнинг маъмурий марказлари бўлган шаҳарлар ҳудудларида, шунингдек маданий мерос объектлари мавжуд бўлган шаҳарлар ҳудудларида — тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тақдимномасига кўра амалга оширилади.
Алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг чегаралари аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш тўғрисидаги тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида белгиланади ҳамда маъмурий-ҳудудий бирликлар чегаралари билан мос келмаслиги мумкин.
77-модда. Табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсирига дучор бўлган ҳудудларда шаҳарсозлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш
Йўл қўйиладиган энг юқори концентрациялардан ортиқча кимёвий ва (ёки) биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар билан, йўл қўйиладиган энг юқори даражалардан ортиқча радиоактив моддалар билан ифлосланган ҳудудлар, агар бундай ҳудудларда аҳолининг яшаши ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш инсон ҳаёти ҳамда соғлиғига таҳдид туғдираётган бўлса, консервация қилиниши ва уларга махсус ишлов берилиши лозим. Мазкур ҳудудларнинг ифлосланиш даражасига ҳамда уларни соғломлаштириш усулига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан улардан фойдаланишнинг алоҳида режими жорий этилиши ёки бошқа функционал мақсади белгиланиши мумкин.
Аҳоли пунктлари ҳудудларининг хавфсизлиги концепциясини амалга ошириш мақсадида фуқаро муҳофазаси талабларига, табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, шунингдек террорчилик ҳаракатларига қарши курашиш талабларига риоя этилган ҳолда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш чора-тадбирлари кўрилади.
Шаҳарсозлик фаолияти объектларида алоҳида тартибга солишни жорий этиш муддатлари шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви органлари томонидан белгиланади. Алоҳида тартибга солиш режими амалда бўлган даврда шаҳарсозлик фаолияти ушбу Кодекснинг 74-моддасида назарда тутилган тадбирларга мувофиқ амалга оширилади.
78-модда. Объектларни қуриш учун махсус рухсатномалар
Объектлар тўғрисидаги ахборот давлат сирларига ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга тааллуқли бўлган объектлар, шунингдек алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш учун махсус рухсатномалар қонун ҳужжатларига мувофиқ берилади.
11-боб. Шаҳарсозлик фаолиятида ер муносабатлари
79-модда. Аҳоли пунктларида ер участкаларидан фойдаланишга доир шаҳарсозлик талаблари
Ер участкаларидан фойдаланишга доир шаҳарсозлик талаблари аҳоли пунктларининг бош режалари, батафсил режалаштириш лойиҳалари, қуриш лойиҳалари ва қоидалари билан белгиланади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ер участкалари берилаётганда юридик ва жисмоний шахсларни ер участкаларидан фойдаланишга доир шаҳарсозлик талаблари тўғрисидаги ахборот билан таъминлайди.
Юридик ва жисмоний шахсларга қуриш учун ер участкалари берилаётганда (реализация қилинаётганда) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига нисбатан қуйидаги шаҳарсозлик талаблари ва ер участкасини сақлаш вазифалари белгиланиши мумкин:
махсус ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлинмалари томонидан берилган архитектура-режалаштириш топшириғига биноан ҳудудни қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича;
қурилишга туташ бўлган умумий фойдаланишдаги ҳудудни ободонлаштириш бўйича;
объектлар қурилишини бошлаш ва тамомлаш муддатларига риоя этиш бўйича.
Объект қурилиши қурилиш бошланган санадан эътиборан икки йил ичида ёки шаҳарсозлик ҳужжатларида белгиланган муддатларда тугалланмаган тақдирда, объект тугалланмаган деб ҳисобланади.
Янги қурилиш мазкур қурилиш ҳудуди аҳолисининг тегишли хизматлар билан таъминланиши шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида назарда тутилган нормалардан пасайишига олиб келадиган бўлса, юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари улар муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларнинг қўшимча объектларини қуришда улушли иштирок этганда берилиши (реализация қилиниши) мумкин.
Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган талаблар ва ер участкасини сақлаш вазифалари ер участкасига бўлган ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтган тақдирда сақланиб қолади.
Ушбу модданинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлари якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун берилган (реализация қилинган) ер участкаларида амалга ошириладиган қурилишга нисбатан қўлланилмайди.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатларда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
ҳудудий зонанинг қуриш қоидаларида белгиланган коди;
доирасида ер участкаси жойлашган ҳудудий зонанинг функционал мақсади;
ер участкаси ёки унинг қисми маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш зоналарининг, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ва сувни муҳофаза қилиш зоналарининг чегараларида, шунингдек табиий ҳамда техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларнинг таъсирига дучор бўлган ҳудудлар ва аҳоли пунктларининг ҳамда фойдаланилишига қонунда чекловлар белгиланадиган бошқа ҳудудларнинг чегараларида жойлашганлиги;
ер участкаси чегараларида муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмалар объектларининг мавжудлиги ушбу объектларнинг кўрсаткичлари ва улардан фойдаланишга доир чекловлар кўрсатилган ҳолда;
ер участкаси чегараларида ер участкасининг мулкдорига, эгасига ёки бу участкадан фойдаланувчига тегишли бўлмаган бинолар ва иншоотларнинг мавжудлиги ушбу ер участкасида кўрсатиб ўтилган объектлар жойлашганлиги муносабати билан ундан фойдаланишга доир чекловлар кўрсатилган ҳолда.
Ер участкалари бўлиб берилаётганда ёки уларнинг чегаралари ва кўрсаткичлари ўзгарганда қизил чизиқларга, қуришни тартибга солиш чизиқларига ҳамда шаҳарсозлик регламентларининг энг кичик ўлчамдаги ер участкаларига доир талабларига риоя этилади.
Ер участкалари ҳамда уларда жойлашган бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар бўлинган тақдирда уларнинг қисмлари мустақил объектлар сифатида ишлаб туриши учун шарт-шароитлар таъминланиши керак.
80-модда. Объектларни реконструкция қилиш жараёнида ер участкаларига, бино ва иншоотларга қўйиладиган талаблар
Бинолардан фойдаланиш шароитларини ўзгартириш, уларнинг жисмоний эскириши туфайли юзага келган йўқотишлар ўрнини имкони борича тўлдириш, бинолардан фойдаланишнинг янги мақсадларига эришиш учун асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларни (юкламаларни, хоналарнинг режалаштирилишини, бинонинг қурилиш ҳажмини ва умумий майдонини, муҳандислик жиҳатдан жиҳозланишини) ўзгартириш билан боғлиқ қурилиш ишлари ва ташкилий-техник тадбирлар мажмуи объектларни реконструкция қилишдир.
Объектларни реконструкция қилиш, шу жумладан бузилган бинолар ва иншоотлар ўрнида ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирган ҳолда янги объектлар қуриш учун рухсатномалар аҳоли пунктларининг ривожланишини режалаштириш ва ҳудудларини қуриш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида санитария-эпидемиология хизматлари, давлат ёнғин назорати органлари билан келишувга кўра махсус ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлинмалари томонидан берилади.
Аҳоли пунктларининг ривожланишини режалаштириш ва ҳудудларини қуриш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда рухсатномалар бериш масалалари Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари билан келишилади.
Объектларни реконструкция қилишда, шу жумладан бузилган бинолар ва иншоотлар ўрнида ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирган ҳолда янги объектлар қуришда буюртмачилар зиммасига ушбу Кодексда назарда тутилган мажбуриятлар юкланади.
81-модда. Шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда ер участкаларига доир сервитутлар ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сақлаш вазифалари
Шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда сервитутлар шаҳарсозлик фаолияти субъектларининг манфаатлари шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларнинг бут сақланишини таъминлаш бўйича бошқа эҳтиёжлар учун ўзга ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқисиз таъминланиши мумкин бўлмаган тақдирда белгиланади.
Шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда ер участкаларига доир сервитутлар ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сақлаш вазифалари ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва бундай участкалардан фойдаланувчиларнинг мажбуриятларини ҳамда уларнинг ҳуқуқлари чекланишини ўз ичига олади ва шаҳарсозлик ҳужжатлари ҳамда қуриш қоидалари асосида белгиланади.
Ер участкаларига доир сервитутларни ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сақлаш вазифаларини белгилаш ҳамда бекор қилиш тартиби ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.
82-модда. Ер участкаларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳамда зарарнинг ўрнини қоплаш
Ер участкаларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйишга қуйидаги мақсадларда йўл қўйилади:
ерларни мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари учун, эркин иқтисодий зоналарни барпо этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун бериш;
халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб олиш;
автомобиль ва темир йўллар, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ҳамда авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизимлари ва электр узатиш линиялари объектлари, алоқа линиялари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилиши (реконструкция қилиниши);
аҳоли пунктлари бош режаларининг объектларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, шунингдек қонунларда ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда қуришга оид қисмини ижро этиш.
Аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режалари мавжуд бўлмаган тақдирда ер участкалари аҳолининг уй-жой-маиший шароитларини яхшилаш, ижтимоий, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан олиб қўйилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилингунига қадар туманлар ва шаҳарларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари:
ер участкалари олиб қўйилиши лозим бўлган юридик ва жисмоний шахслар билан очиқ муҳокамалар ўтказади;
олиб қўйиш чоғида юзага келадиган фойда, харажатлар ва зарарларни баҳолашни амалга оширади;
ҳар бир мулкдор билан келишувга кўра кўчмас мулкнинг бозор қиймати ҳамда ер участкалари олиб қўйилиши туфайли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш турлари ва миқдорлари кўрсатилган ҳолда олиб қўйилаётган ер участкаларининг рўйхатини тузади.
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиладиган ер участкаларининг рўйхатлари ўтказилган очиқ муҳокамалар натижаларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланади.
Ер участкасини олиб қўйиш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг олиб қўйилган ер участкасидаги кўчмас мулк объектларини бузиш фақат кўчмас мулк бозор қийматининг ва мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин амалга оширилади.
Давлат органлари томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган қарор қабул қилиниши натижасида юридик ва жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрни давлат ҳисобидан қопланади. Бунда зарарнинг ўрни ноқонуний қарор қабул қилган давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.
Агар давлат органи тугатилган бўлса ёки юридик ва жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағлар етарли бўлмаса ёки бюджетдан ташқари маблағлар мавжуд бўлмаса, зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Суднинг қарорига кўра, зарарларнинг ўрнини регресс тартибида қоплаш зарар етказилишида айбдор бўлган давлат органларининг мансабдор шахслари зиммасига юкланиши мумкин.
12-боб. Якунловчи қоидалар
83-модда. Шаҳарсозлик фаолиятини молиялаштириш
Шаҳарсозлик фаолиятини молиялаштириш бюджет тизими бюджетларининг маблағлари, буюртмачиларнинг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари ҳисобидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантиришда улушли иштирок этиши, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Шаҳарсозлик фаолиятини молиялаштириш қуйидаги ҳолларда бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади:
ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 1 — 4-бандларида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда, комплекс муҳандислик қидирувларини ўтказишда, микросейсмик ҳудудлаштириш хариталарини тузишда ва шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда;
шаҳарсозлик фаолиятига оид илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқишда;
фавқулодда экологик вазиятлар ва экологик фалокат зоналарини, тарихий манзилгоҳларни, умумдавлат аҳамиятига молик муҳандислик, транспортга оид ҳамда ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантиришнинг белгиланган мақсадли умумдавлат дастурларини, бошқа мақсадли умумдавлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда, шунингдек давлат шаҳарсозлик кадастрини юритишда.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишни молиялаштириш ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган манбалардан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органлари ихтиёрига давлат корхоналарини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан ҳам амалга оширилади.
Агар ҳудудни шаҳарсозлик жиҳатидан ўзлаштириш давлат манфаатларига, икки ва ундан ортиқ вилоятнинг манфаатларига ёки аҳоли пунктлари гуруҳларининг манфаатларига дахлдор бўлса, бюджет маблағларидан бошқа шаҳарсозлик фаолиятини молиялаштириш учун фойдаланилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳар йилги қурилишларнинг манзилли рўйхатларини шакллантиришда аҳоли пунктлари бош режаларининг ишлаб чиқилишини, комплекс муҳандислик қидирувлари ўтказилишини, аҳоли пунктларини микросейсмик ҳудудлаштириш хариталарини, табиатни муҳофаза қилишнинг ҳудудий комплекс тарҳларини тузишни, жорий қуриш устидан муаллифлик назорати ҳамда аҳоли пунктлари бош режаларининг амалга оширилиши мониторинги ишлаб чиқувчилар томонидан ўтказилишини, шаҳарсозлик ҳужжатлари келишиб олиниши ва экспертизадан ўтказилишини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни назарда тутиши керак.
84-модда. Низоларни ҳал этиш
Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
85-модда. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.02.2021 й., 03/21/676/0142-сон)

Ҳаққимизда uzbekiston

Яна маълумот

juma-muborak-uz

Жума билан табриклаш мумкинми – йоқми ? Аниқ жавоби!

Маълумки, жума имонлилар орасида ҳафтанинг енг муҳим куни ҳисобланади. Унинг пайдо бўлиши муносабати билан мусулмонлар …

100200300